Гулнора Каримованинг тергови якунланди, иш судга оширилди
Жамият
−
06 Январь 2020
18607Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид жиноят иши бўйича тергов жараёни якунланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилмоқда.
“Бош прокуратура томонидан жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Гулнора Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланди.
Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун айблов хулоса билан судга юборилди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, тергов жараёнида аниқланишича, Гулнора Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келган.
Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари уюшган жиноий гуруҳлар таркибида содир этган жиноятлар учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб келишмоқда.
Ҳозирги кунда, тергов томонидан Гулнора Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн АҚШ доллари ва 85 млрд сўмдан кўпроқни ташкил қилди.
Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Гулнора Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши тергови жараёнида Гулнора Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган 7 нафар адвокатлар ҳимоя қилмоқда.
LiveБарчаси