Трамп Бош прокурорликка кўрсатган номзод амалдан бош тортди

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп томонидан АҚШ Адлия вазири ва Бош прокурори лавозимига кўрсатилган номзод, 42 ёшли консерватор конгрессмен Мэтт Гетц ўз номзодини қайтариб олди. Бу ҳақда Гетц ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.

“Кеча сенаторлар билан ажойиб учрашувлар ўтказдим. Мен уларнинг чуқур фикр-мулоҳазаларини ва кўпчиликнинг ажойиб қўллаб-қувватлашини қадрлайман. Вашингтондаги беҳуда узоқ давом этган жанжалга ортиқча вақт йўқ, шунинг учун мен ўз номзодимни Бош прокурор лавозимида ишлаш учун кўриб чиқишдан олиб ташлайман”, дея ёзган у.

19 ноябрь куни АҚШ Конгрессида Мэтт Гетцга қарши кўрсатма берилган. У вояга етмаган қиз билан жинсий алоқада бўлганликда, шунингдек, аёлларга жинсий хизматлар учун пул тўлаганликда ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганликда айбланмоқда. Гетцга нисбатан аввал ҳам худди шундай айбловлар қўйилган, бироқ унинг ўзи айбловларни рад этган эди.

Трамп жамоаси вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс октябрь ойида АBС телеканалига берган интервьюсида айтганидек, Бош прокурор лавозими амалдаги президентликдан кейинги энг муҳим лавозим бўлади. Сайлов кампанияси давомида Трамп муҳожирларни оммавий депортация қилиш, 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб киришда айбдорлар афв этилиши ва сиёсий душманлар устидан тергов ўтказилишини эълон қилганди. Бош прокурор бу ва бошқа лойиҳалар билан шуғулланади. Трамп, шунингдек, Адлия вазирлиги унинг биринчи президентлик муддатига халақит берганидан шикоят қилганди.

“Utah News Dispatch” маълумотларига кўра, Мэтт Гетцнинг Адлия вазири ва Бош прокурор лавозимига таклиф қилиниши жуда кутилмаган қарор бўлган, чунки у АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг Этика қўмитаси томонидан тергов мавзуси бўлиб қолмоқда. Айбловларнинг аксарияти жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддаларни ноқонуний истеъмол қилиш ва қимматбаҳо совғалар олиш билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Гетцнинг ўзи қўмита томонидан қўйилган барча айбловларни қатъиян рад этган ва ўзини “консерватив фанатик” деб таърифлаган.

Қўмита тергови 2021 йил апрель ойида бошланган. Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Гетц иши юзасидан ўндан ортиқ гувоҳлар сўроқ қилинган, 25 та судга чақирув қоғози чиқарилган ва Гетц терговига оид минглаб саҳифали ҳужжатлар кўриб чиқилган. Унинг раиси Майкл Гестнинг 13 ноябрь куни журналистларга айтишича, АҚШ Сенати Гетцни Бош прокурор этиб тасдиқлагач, қўмитанинг тергов бўйича юрисдикцияси автоматик равишда тугаши мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Бош прокурорликка 3 йилдан буён тергов қилинаётган шахс номзодини илгари сургани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокурор Дональд Трамп Адлия вазири Мэтт Гетц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг