Гулнора Каримованинг Франциядаги активлари Ўзбекистонга қайтарилади
Олам
−
09 Июль 2019
8090Франция Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли активларни Ўзбекистонга қайтаради. Бу ҳақда RFI хабар берди.
Бугун, 9 июль куни Гулнора Каримованинг Франциядаги мулкларини мусодара қилиш бўйича қарор кучга кирган. Каримованинг Франция бўйлаб учта мулки бўлган. Булар, Париждаги квартира, Сен-Тропедаги вилла ва Париж атрофидаги қаср. Уларни сотишдан тушган пуллар Ўзбекистон бюджетига қайтарилади.
Қайд этилишича, Франция ҳукуматининг Каримова мулкларини мусодара қилишига Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши натижасида қабул қилинган. Францияда 2014 йилда “жиноий гуруҳ таркибида ноқонуний топилган пулларни ювиш” бўйича иш очилганди. Иш Париж суди молия бўлими терговчиси Серж Турнерга топширилган.
2014 йил 5 сентябрь куни Турнер Каримованинг квартираси, вилла ва де Груссе қасрини ўз назоратига олди. Франциянинг бизнес нашри “Challenges” маълумотига кўра, квартира 31 миллион еврога, қаср “Corse Matin”га кўра, 28 миллион еврога, вилла 2,4 миллион еврога харид қилинган.
Бугун суд терговчиси Серж Турнер ва Франция миллий молия прокуратураси прокурори Николя Байето ушбу жиноий иш “ноқонуний йўллар билан топилган даромадларни олиб қўйиш” бўйича мамлакатда бу тур ишларнинг биринчиси эканини айтиб, муҳим ғалабага эришилганини қайд этган.
Француз тергови юқоридаги учта мулк Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун берилган коррупцион пуллар эвазига сотиб олинган, деган хулосага келган. Пуллар Швеция, Россия ва Нидерландияда рўйхатдан ўтган компаниялардан олинган.
Байетонинг таъкидлашича, расмий Тошкентнинг Франциядаги Каримова мулклари бўйича якуний қарори шу йили қабул қилинган.
Гулнора Каримованинг мулклари сотилгач, ундан тушган пулларнинг 2 млн евроси тергов ҳаражатлари сифатида Францияда қолдирилади. Қолгани Ўзбекистонга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг ёзида Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.
Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12 та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.
Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш учун қарор чиқарган.
Швейцария прокуратураси берган маълумотга кўра, мусодара қилинган пулларнинг 130 млн швейцар франкини (133 млн доллар) Ўзбекистонга қайтариш жараёни бошланган.
LiveБарчаси