Карантин харажатлари нега тадбиркорларга юкланяпти? Отабеков изоҳ берди

Жамият

Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан мамлакатда карантин тадбирлари 1 августга қадар узайтирилди.

Ушбу қарорда Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва б.) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Қарорнинг мана шу банди ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди. Шу сабабдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков қарорнинг мана шу банди бўйича изоҳ берди.

“Ҳурматли юртдошлар, айнан Ўзбекистонда карантин ва чеклов тадбирлари амал қилиш баробарида халқимиз, айниқса, тадбиркорлик субъектлари жуда жиддий сабр-матонатни намойиш қила олди. Ўзбекистон Республикаси, қолаверса, Тошкент шаҳри карантин тадбирларига риоя этиш бўйича жуда юқори рейтингда бўлиб турди. Албатта, буларнинг барчаси кейинчалик эпидемик вазиятда ўз аксини топди. Натижада республикада коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазиятни жиловлаш имконияти пайдо бўлди.

Энди бир тасаввур қилайлик, ҳозирга қадар аниқланган беморлар сони 5154 нафарни ташкил этяпти. Мана шу касалликка чалинганларни карантинда сақлаш, даволаш, реабилитация билан боғлиқ харажатларнинг барчаси давлатимиз бюджети ҳисобидан қопланяпти. Шу пайтгача бу харажатларнинг бирортаси бирор-бир ташкилот ёки тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан қопланмаган.

Қарорда белгиланган мазкур банднинг акс этишидан асосий мақсад шуки, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда жойлашган қурилиш, умумий овқатланиш хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари масъулиятни тўлиқ ҳис қилсин. Карантин тадбирларига риоя этсин. Бу каби ташкилотлар фаолият кўрсатаётган пайтда албатта ходимлари дока ниқобда бўлишини таъминласин. Умумий овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатувчи шахсларнинг қўлқопда ва дока ниқобда бўлиши таъминлансин. Мижозлари оралиқ масофа сақлашга риоя этишини назорат қилсин. Ҳар бир мижоздан кейин стол устини дезинфекцион воситалар билан ишлов берилсин.

Энг асосий мақсадимиз — касалликнинг бир одамдан иккинчи одамга юқишига йўл қўймаслик. Республикада оғир меҳнатлар эвазига жиловланган эпидемик вазиятни мураккаблаштириб юбормаслик, яна карантин ва чеклов тадбирларини кескин ва қаттиқ бўлишига йўл қўймаслик”, деди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан мамлакатда поездлар қатнови, қисман халқаро парвозлар ҳам тикланди. Шунингдек, бугун, 15 июнь куни ҳудудлардаги эпидемик вазиятни эътиборга олган ҳолда туман ва шаҳарларнинг “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалари ўзгартирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

254

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг