Канада Маҳса Амини вафоти сабаб Эронга санкция киритди
Олам
−
04 Октябрь 2022
3881Канада жорий йилнинг 3 октябрь куни инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига жавобан Эроннинг 25 жисмоний ва тўққиз юридик шахсига нисбатан санкция жорий этишини эълон қилди. Бу ҳақда Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жолининг Канада ҳукумати сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.
“Канада янги санкциялар киритмоқда. Бу санкциялар Эронда содир этилган инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига, жумладан, аёлларнинг мунтазам равишда таъқиб қилинишига, хусусан, Эрон ахлоқ полициясининг қўпол ҳаракатларига жавобдир. Бу эса Маҳса Аминининг ўлимига сабаб бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилганидек, янги чоралар 25 жисмоний ва тўққиз юридик шахсга, хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қўмондони Ҳусайн Саламий, ИИҚКнинг “Ал-Қудс” махсус кучлари қўмондони Исмоил Каанига, Эрон ахлоқ полицияси ва унинг бошлиғи, Эрон разведка вазири Саййид Исмоил Хатиб ва у раҳбарлик қилаётган бўлимга тааллуқли.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.