Канада АҚШ билан кенг савдо урушига тайёрланмоқда – “Bloomberg”
Олам
−
15:55
2077АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канада товарларига 25 фоизлик божларни жорий қилса, Канада ҳам АҚШнинг деярли барча товарларига, жумладан, нефть ва уранга божлар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, Канада расмийлари АҚШ экспорт қиладиган ўнлаб Америка маҳсулотлари рўйхатини ишлаб чиқмоқда. Хусусан, улар етарли миқдорда иқтисодий зарар етказадиган маҳсулотларни нишонга олмоқда. Аммо бу борада ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
“Менимча, биз бунга тайёр бўлишимиз керак”, дейди Канада Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли.
Маълумот учун, Канада Америка товарлари бўйича дунёдаги энг йирик харидор бўлиб, ўтган йилнинг 11 ойида 341 миллиард долларлик Америка товарларини импорт қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Трамп Канададан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилганди. У бу фармонни давлат раҳбари сифатидаги биринчи куниёқ имзолашини айтганди. Шунингдек, у Канада Бош вазири Жастин Трюдога қўнғироқ қилиб, агар Канада ҳудудлари АҚШнинг 51-штатига айланса, канадаликлар учун солиқлар 60 фоиздан кўпроққа камайтиришини билдирган.
Моҳимбегим Маъруфалиева