Трамп Канадага яна эски таклифини берди

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канаданинг АҚШ билан бирлашиши ҳақидаги таклифини яна бир бор такрорлади. Бу ҳақда у кеча, 6 январь куни ўзининг Truth Social саҳифасида ёзди.

“Агар Канада АҚШ билан бирлашса, ҳеч қандай тарифлар бўлмайди, солиқлар сезиларли даражада камаяди ва улар доимо ўзларини ўраб турган Россия ва Хитой кемалари таҳдидидан бутунлай ҳимояланган бўлар эди. Биргаликда бу қандай буюк давлат бўлар эди”, деб ёзди Оқ уйнинг бўлажак раҳбари.

Шу ўринда, Трамп Канада Бош вазири Жастин Трюдонинг бир неча соат олдин қилинган истеъфоси ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди.

“Канадада кўплаб одамлар 51-штат бўлишни яхши кўради. Қўшма Штатлар Канаданинг ўзини сақлаб қолиши учун зарур бўлган йирик савдо камомади ва субсидияларга энди тоқат қила олмайди. Жастин Трюдо буни билиб, истеъфога чиқди”, дейилади унинг постида.

Трамп импортга юқори тарифлар билан Канадага таҳдид қилмоқда

Ноябрь ойи охирида Трамп Канададан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди. У шундай фармонни давлат раҳбари сифатидаги биринчи куниёқ имзолашини айтди. Унинг инаугурацияси 20 январга белгиланган. Аввалроқ “Fox News” Трамп Трюдога агар унинг мамлакати юқори тарифларга бардош бера олмаса, АҚШнинг 51-штатига айланиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берган эди.

53 ёшли Жастин Трюдо Канада Бош вазири ва ҳукмрон Либерал партия етакчилигидан истеъфога чиқишини эълон қилди – у ушбу лавозимда 2013 йилдан бери ишлаб келмоқда. Сиёсатчи 6 январь куни Оттавадаги Rideau Cottage қароргоҳида мурожаат қилди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, шунингдек, парламент иши 24 мартгача тўхтатилишини қўшимча қилди. Трюдо 2015 йилнинг ноябрида Бош вазир лавозимини эгаллаган ва икки марта қайта сайланган. Икки йил аввал юқори нархлар ва уй-жой танқислиги сабабли у аҳолининг ғазабига учраган, кейинроқ вазият юмшай бошлади.

Биринчи президентлик муддати давомида Трамп Данияни, жумладан Гренландияни, дунёдаги энг катта оролни сотиб олишни таклиф қилган эди. Бироқ, кейин Копенгаген унинг таклифини кескин рад этди ва мамлакат Бош вазири Метте Фредериксен буни “бемаънилик” деб атади, шунинг учун Оқ уйнинг бўлжак раҳбари ҳатто Данияга сафарини ҳам бекор қилди. 2024 йил 22 декабрда Трамп ушбу мавзуга қайтишга қарор қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб миллий хавфсизлик ва эркинликни таъминлаш нуқтаи назаридан Гренландияга эгалик қилиш ва уни назорат қилишни мутлақ зарурат деб ҳисоблайди.

Бу изоҳлардан икки ҳафта ўтиб, кеча, 6 январь куни Трамп ўғли кичик Дональд Трампнинг Дания ҳудудига ташриф буюришини эълон қилди.

“Менинг ўғлим кичик Дон ва турли вакиллар у ерга энг катта ҳудудлар ва диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш учун боради”, деган Трамп.

Шунингдек, ўтган йилнинг 21 декабрь куни Трамп Панамани Панама каналидан фойдаланганлик учун “бемаъни” юқори тарифлар жорий этишда айблади ва уни АҚШ назоратига қайтаришни талаб қилиш билан таҳдид қилди.

“Канал Америка иқтисодиёти ва миллий хавфсизлигида муҳим роль ўйнайди”, деган Трамп.

У каналнинг нотўғри қўлларга, хусусан, Хитой назорати остида бўлишига йўл қўймаслигини қўшимча қилди.

Бунга жавобан Панама Президенти Хосе Рауль Мулино Панама канали ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг ҳар бир квадрат метри Панамага тегишли экани ва бундан кейин ҳам Панамага тегишли бўлиб қолишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канада Бош вазири Жастин Трюдога қўнғироқ қилиб, агар Канада ҳудудлари АҚШнинг 51-штатига айланса, канадаликлар учун солиқлар 60 фоиздан кўпроққа камайтиришини айтганди. Шунингдек, Трамп Панама каналини бошқараётган Хитой аскарларини Рождество байрами билан табриклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Канада Жастин Трюдо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг