Кампирнинг дарди ғўзада... Қодированинг ўлими сиёсий партияларга қўл келяпти
Олам
−
29 Октябрь 2019
27492Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова Туркияда “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ҳалок бўлган эди. Нодира Қодирова ўлдирилганми ёки ўз жонига қасд қилганми, бу ҳалигача мавҳум бўлиб қолмоқда. Икки ҳафта давомида ижтимоий тармоқлар, жамоатчиликни ларзага келтирган ушбу воқеа ортидаги мунозаралар бироз тин олди.
Ширин Уналнинг уйида рўй берган воқеа, Туркиядаги партияларнинг сиёсий мақсадларини амалга ошириш ва бир-бирига бор нафратини турли йўллар билан кўрсатишда қўл келмоқда. Кимдир юқори минбарлардан туриб бу масалани ўртага ташласа, яна бошқаси Қодирова ишини ўрганишда прокуратура “Адолат ва тараққиёт” партияси босими остида иш юритаётганини айтмоқда. Бошқаси эса жамоатчиликнинг кучидан фойдаланиб, акция ўтказиш пайида. Бу орада Нодира Қодирова учун адолат сўраб ижтимоий тармоқларда флешмоб ҳам эълон қилинди. Аммо уларнинг таги замирида ўзбек қизининг ўлими ҳақиқатларини очиқлашга бўлган интилиш эмас, бу воқелик ортидан мавқеини ошириш, нариги партия ва ҳукмрон сиёсатчиларга қарши нафратини ифодалаш, вазиятдан унумли фойдаланиб қолиш ётгандек.
Куни кеча ҳаваскор хонанда Умид Яман Нодира Қодированинг вафотига бағишлаб куйлаган қўшиғини YouTube’даги саҳифасига жойлаштирди. Қўшиқда шундай сўзлар бор:
Ўқ узилди, ерда ётибди,
Қонлар ичида қолди.
Мазхарабозлар султон бўлиб,
Адолатни сотиб олди.
Анқара сукут қилди,
Виждонлар сукут қилди.
Кўчалар сукут қилди,
Адолат сотилди.
Ухладингми, Нодира?
Отилдингми, Нодира?
Бир гул каби баҳорингда,
Сўлидингми, Нодира?
Умидларинг қолди,
Қалбингда қолди улар.
Қани тур, уйғон энди,
Онанг сени чақиряпти.
Маълум бўлишича, бу қўшиқ ҳам Нодира Қодированинг оиласига ҳамдардлик ва ҳақиқатан ҳам адолатни қарор топтириш истагида эмас, балки “Адолат ва тараққиёт” партиясини обрўсизлантириш мақсадида ёзилган. Боиси, бундан бир неча ой аввал ушбу қўшиқни куйлаган ҳаваскор хонанда мамлакатдаги “IYI” партиясини қўллаб-қувватлаб қўшиқ куйлаган. Ушбу партия эса Туркиядаги ҳукумрон сиёсий партия “Адолат ва тараққиёт” партиясининг асосий рақобатчиларидан бири саналади. Нодира Қодирова ҳақида куйланган қўшиқ ҳам айнан “IYI” партиянинг буюртмаси билан ижро этилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Нодира Қодированинг вафоти юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Хонадон эгаси Ширин Унал Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилганини таъкидламоқда. Қодированинг акаси эса синглиси жиноят қурбони бўлгани, унга икки жойидан ўқ узилгани, қолаверса, дўппосланганини иддао қилмоқда.
LiveБарчаси