Кафе ва ресторанларда алкоголни нақд пулга сотишга рухсат берилади

Жамият

image

Ўзбекистондаги кафе, ресторан ва меҳмонхоналарда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган кичик бизнес субъектлари ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шароитлар яратишга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасида бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд шаклда реализация қилишга рухсат бериш, ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улуши доир талабни бекор қилиш, айрим ходимларни соддалаштирилган тарзда расмийлаштириш таклиф қилинган.

Ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти учун қонуний ўсиш имкониятини ошириши кутилмоқда. Солиқ базаси шаффофлашиши ҳисобига бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум тушиши прогноз қилинмоқда.

Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, кичик бизнесга қулай ва адолатли шароит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорларни фаолиятини кенгайтиришга рағбатлантириш ва ишончини мустаҳкамлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.

Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 декабрь куни қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга кирди.

Унга кўра, қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:

  • давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
  • электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
  • транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
  • қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
  • кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.

Мақола муаллифи

Теглар

тамаки алкоголь нақд пул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг