Нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилинади
Жамият
−
10 Декабрь 10462 2 дақиқа
Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг бугун, 10 декабрь куни қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:
- Ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.
2026 йил 1 апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фуқароларга қурилиш учун ажратилган ер участкаларида барпо этилган, шу жумладан, ўзбошимчалик билан қурилган уй ва иншоотларни расмийлаштириш ҳамда уларни ягона тартибда ҳисобга олиш бўйича янги механизм жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси