Қурилиш вазирлиги Тошкент вилоятидаги ноқонуний қурилиш объектлари ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Қурилиш вазирлиги Тошкент вилоятида экспертиза органларининг ижобий хулосаси бўлмасдан ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиши давом этаётган бинолар ҳақида маълум қилди. Таъкидланишича, ушбу бинолар хусусий инвесторлар ҳисобидан қуриляпти.

1. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Дўстлик” МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган мониторинглар жараёнида “Energo Tehnika Grant” МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий Инспекцияни хабардор қилмасдан 3 та 4 қаватли турар жой биноларида ўзбошимчалик билан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.

“Energo Tehnika Grant” МЧЖ фаолияти юзасидан ўтказилган қисқа муддатли текшириш натижасига кўра, ишга оид бўлган барча ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “Energo Tehnika Grant” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.

2. Бошқа бир ҳолатда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Ойдинобод” МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида “Rus Bek” МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган. 

Рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг “Rus Bek” МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказилган. Унга кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Аммо тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “Rus Bek” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

3. Тошкент вилояти Чиноз тумани “Яллама” МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида “Euroazia Transportion and Logistik Companiy” МЧЖ ҚҚ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий Инспекцияни хабардор қилмасдан божхона терминалининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.

2020 йил 7 майда молиялаштириш манбаларидан қатъий назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилган.

Текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича “Euroazia Transportion and Logistik Companiy” МЧЖ ҚҚ фаолиятига оид қисқа текшириш ўтказилган. Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “Euroazia Transportion and Logistik Companiy” МЧЖ ҚҚ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида ноқонуний қурилаётган иморатлар ҳақида маълумот берлиганди. QALAMPIR.UZ`да ҳам Яккасарой туманида “Insoft Invest” МЧЖ томонидан қурилаётган “Askiya City” турар жой мажмуаси ноқонуни барпо этилаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди. Мазкур қурилиш ноқонунийлигини Яккасарой тумани ҳокимлиги вакили хам тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

қурилиш

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг