“INSOFT INVEST” MCHJ’нинг инсофи борми? Aҳоли ноқонуний қурилишдан норози
Жамият
−
17 Февраль 2021
15991QALAMPIR.UZ`га Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Aҳолининг арзномасида қайд этилишича, улар яшаётган маҳалла ҳудудида “Askiya City” номини олган кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилмоқда. Ушбу қурилиш “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган бўлиб, у тасдиқланмаган лойиҳаси асосида қурилмоқда.
Қурилиш компанияси ўзвошимчалик билан маҳалла ерини эгаллаб олиб, шаҳарнинг қоқ ўртасида кўп қаватли уй қуришни, уни реклама қилишни бошлаб юборгани етмагандек, рекламаларда ҳозирда аҳоли яшайдиган уйлар ўрнида болалар майдончаси ва автотураргоҳ бўлишини овоза қилмоқда. Энг қизиғи эса бу бошбошдоқликка ҳокимлик ҳам қарши.
Ушбу мурожаатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Жамшид Шоший кўчасида истиқомат қиладиган аҳолининг айтишича 4 йилдан буён қурилиши давом этаётган кўп қаватли уй лойиҳаси тасдиқланмаган ва ҳозирги кунга қадар аҳоли уйларини бузиш ёки ўрнига майдончалар ташкил қилиниши ҳақида огоҳлантириш берилмаган. Мазкур ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ воқеа жойига етиб борди ва аҳоли вакиллари билан суҳабтлашди.
Илҳом Жамолиддинов, фуқаро:
— 2010 йилдан буён шу маҳаллада истиқомат қиламиз. 4 йил бўлдики, маҳалламиз ҳудудида ноқонуний қурилиш давом этмоқда. Ноқонуний қурилиш юзасидан адвокат ёлладик. Аниқланишича, кўп қаватли бино қуриш учун тадбиркорда ҳеч қандай рухсат йўқ экан. Яккасарой тумани ҳокимияти ва туман прокуратурасига мурожаат қилинди. Бугунги кунга қадар айтарли жавоб қайтарилгани йўқ.
Дилафруз Атахўжаева, фуқаро:
— Шу маҳаллада 8 йилдан буён яшайман. 4 йил аввал кўп қаватли бино қурилишини бошлашди. Мени уйимнинг орқа томонидан бир метр қилиб қазиб қўйишган, бузма десак ҳам аниқ жавоб йўқ.
Марҳабо Исаева, фуқаро:
— Кадастр, иқтисодий суд, прокуратура, ҳокимиятга ёздик. Қаерга ёзилган, мурожаат қилинган бўлса ҳам жавоб хатларида тайинли гап йўқ. Хатларнинг ҳаммасида иш кўриб чиқилаётгани ёки ўрганилаётгани ҳақида айтишяпти. Жавоб хатларининг айримларида бу каби масала бошқа ташкилот томонидан кўрилишини ҳам айтилган. 30 йил бетон уйда яшаб, энди ҳовлига етдик деганда шунақа ишлар бўляпти. Уйларни қуришдан аввал бузилиш-бузилмаслигини ўрганиб, “генплан”га бориб, сўраб-суриштириб кўрганмиз. Уйларимиз йўл юзида эмас, маҳалланинг ички қисмида жойлашган. “Мост” қуришмаяпти ёки давлат аҳамиятига молик бино ҳам қурилаётгани йўқ. Шунчаки бир бойвачча “Askiya City” қургиси келгани учун бизнинг уйларимиз бузилиши керакми? Ҳамма жойда “Askiya City”нинг рекламалари бор, магазинда ҳам, телевизорда ҳам. Лойиҳага кўра бизнинг уйлар ўрнини болалар майдончаси эгаллаши керак. Гўёки бизни йўқдек ҳис қилиб лойиҳани чизишган. Қайта-қайта мурожаат билан чиқдик, ҳеч ким аҳамият бераётгани йўқ. Ҳокимиятга борсак, уйларимиз “снос”га тушмаганини айтишади. Лекин қурилаётган бинонинг 6-қаватини ҳам битириб бўлишди. Ҳокимиятга мурожаат қилганимиздан сўнг улар қурилиш компаниясини судга берди, лекин 4 йилдан буён туман ҳудудида ноқонуний кўп қаватли бино қуриляпти, улар қаерга қаради, ҳайронман.
Бино қураётган тадбиркорда кўп қаватли бино учун эмас, балки 2018 йилда ободонлаштириш учун чиқарилган қарор бор. Икки қаватли биноларни бузиб, ундан кейин ҳокимиятга қурилиш тўғрисида мурожаат қилишлари керак эди. Лекин ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз қурилиш қилишяпти.
Аида Каримова, фуқаро:
— Мен қурилиш бўлаётган бинонинг рўпарасида жойлашган 36-сонли кўп қаватли уйнинг уйбошисиман, 2018 йил май ойида ноқонуний қурилиш ишлари бошланган. Уларда ҳеч қандай расмий ҳужжат мавжуд эмас ва биз уларга бир неча марта алоқага чиқишга ҳаракат қилдик. Инвесторлар ва қурувчилар биздан қочишяпти ва ҳеч қандай маълумот беришмаяпти, бизнинг кўп қаватли уйларимиз “снос” чизиғида жойлашган. Ҳар куни эрталаб 08:00 дан то кечгача қурилиш овозларини эшитамиз. “INSOFT INVEST” ва “GRAND HOUSE” нима хоҳлашса, шуни қилишияпти. Орада айрим тушунмовчиликлар сабаб ишни вақтинча тўхтатиб туришди, ундан кейин яна давом этиб келмоқда. Кўп қаватли бино қуриш учун асосли ҳужжатлари бўлмаса ҳам уй қуришни бошлаб юборишган. Очиқчасига қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмоқда, лекин негадир барча масъул ташкилотлар жим. Қурилиш компанияси қандай ташкилот бўлди-ки улар қилаётган ноқонуний қурилишга ҳеч ким пинагини ҳам бузмаса.
Дилафруз Атаходжаева, фуқаро:
— Ҳозиргача бир нечта харидорлар келди. Уларга кўп қаватли биноларни қуриш учун барча ҳужжатлар бор ва фуқаролардан рухсат олганмиз, деб сотишяпти. Бизнинг олдимизга келган ҳаридорларга қурилиш компанияси ҳеч қандай руҳсатсиз уй қураётганини айтдик.
Гулсара Нуралиева, фуқаро:
— Давлат раҳбари бузилишлар мавзусига шахсан эътибор қаратди, энди ноқонуний қурилишларни тўхтатишар десак, йўқ ҳали-ҳануз давом этяпти. Қурилиш компанияси кўп қаватли уйларни қуриш учун биздан ҳеч қандай рухсат сўрагани йўқ. Ўзларича қуришни бошлашди ва давом этишяпти. “Как будто” бизлaр “не существуем”, нимага асосланиб уй қуришяпти, билмадим.
Марҳабо Исаева, фуқаро:
— Ҳокимиятга борсак сизларга ҳеч ким тегмаяпти, деб айтишяпти. Лекин лойиҳада биз қизил чизиқ ичида турибмиз. Кўнглимиз тинч эмас, нима қилишимизни билмай қолдик. Келиб бузадими ёки кўчиб кет дейди, нима дейишади, билмай турибмиз. Биз ҳам қариганда ҳовлида ўтиришни ният қилган эдик. Яқинда “INSOFT INVEST” компаниясининг раҳбари менга 2018 йилда “снос”га тушганимизни айтди. Мен шу заҳоти Қурилиш бош бошқармасига бориб сносга тушмаганимиз ҳақидаги расмий хатни олдим. Яккасарой туман ҳокимияти қурилиш компаниясини судга берганини айтишди, лекин ҳали бирор натижа бўлгани йўқ. Қурилиш давом этяпти.
Наргиза Отабоева, фуқаро:
— Қурилиш бошлангандан буён чанг ичида қолдик. Қурилиш объектида қоида бўйича соат 8:00 дан 19:00 гача ишлаш керак. Лекин бу ерда кечаси 11-12 да ҳам тинчлик йўқ. Ҳар куни камаз киради, чиқади унинг вибрацияси бизнинг уйга ҳам сезилади. Бетонлари билан йўлларимизни тўсиб қўйишади. Баъзан соатлаб бетонларини олишларини кутиб қоламиз. Қурилиш қоидалари қўпол тарзда бузиляпти, энг асосийси, ободонлаштириш лойиҳаси бўйича тўрт томонлама уй қуриб, реклама ҳам қилишга улгуришган. (!) Ҳозирги кунга қадар одамларни алдаб кўп қаватли уйларни сотишмоқчи. Тўрт йил давомида тинчимиз, ҳаловатимиз, ҳуқуқларимизни ҳам бузишяпти. Ҳеч ким халққа ёрдам қўлини чўзай демаяпти.
Гулсара Нуралиева, фуқаро:
— Ҳозир қазилган жойда олдин икки қаватли уй бўлар эди. Aйнан шу уйнинг ўрнига ўн икки қаватлисини қуришмоқчи. Уйни қурса, бизнинг ҳовлиларимизни бузмаган тақдирда ҳам биз кейин қандай яшаймиз. Тепа қаватдан ҳовлиларимиз кўриниб, томоша бўламиз-ку!.
Воқеага икки томонлама ёндашиш, қурилиш аслида ҳам ноқонуний бўляптими-йўқми билиш мақсадида Яккасарой туман ҳокимияти билан боғландик. Воқеа жойига Яккасарой туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Музаффар Усмонов етиб келди.
Музаффар Усмонов, Яккасарой туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси:
— 2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “INSOFT INVEST” МЧЖга нисбатан ободонлаштириш ишлари олиб борилиши учун қарор чиқарилган. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳозирги кунга қадар қурилиш ишлари амалга ошириляпти. Яккасарой туман ҳокимияти томонидан бир неча бор, такрорлайман бир неча бор огоҳлантириш берилган. Шунга қарамасдан иш тўхтатилмади. Оқибатда Яккасарой тумани иқтисодий судига уч маротаба даъво аризаси киритилган. Суднинг биринчи ажримида суд қуришни тўхтатишга ваколати йўқ экани айтилди, иккинчи маротаба эса квадрат метрлари аниқ киритилиши кераклигини айтиб, қайтаришди. Суд томонидан камчилиги бор деб айтилган барча ҳужжатларни тўплаб қайта юбордик.
Бино қурилиши ҳақида айтадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам ноқонуний қурилиш бўляпти. Aвваламбор, бу лойиҳа Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан тасдиқланмаган. Қурилиш вазирлиги қошидаги ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтмаган. Бино қурилиш талабларига риоя қилинмаган ҳолда қуриляпти. Ҳозирги кунга қадар ҳовлида яшаётган ёки кўп қаватли уйларда яшайдиган хонадон эгаларига ҳам таклиф билан чиқишмаган. Бу гапларни фуқароларнинг мурожаатлардан келиб чиқиб айтяпмиз.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Ҳокимият “INSOFT INVEST” МЧЖ раҳбари ёки ходимлари билан алоқада бўлиб, бино ноқонуний қурилаётгани ҳақида огохлантирилдими?
М.У.: — “INSOFT INVEST” MCHJ раҳбари Мақсуд исмли шахс, унга бир неча маротаба ноқонуний қурилиш қилаётгани ҳақида тушунтирилди. Эскиз лойиҳа тасдиқлангунига қадар, қурилишни тўхтатиш ҳақида айтилди. Лекин қурилиш тўхтатилгани йўқ. Бундай ҳолатда туман ҳокимияти бинони бузиш ёки шунчаки бузиб юбориш ваколатига эга эмас, шу сабабдан ҳам биз судга мурожаат қилдик.
Ф.Н.: — Ҳокимлик томонидан бир неча бор судга мурожаат қилингани ҳақида айтяпсиз, агар суд қурилиш лойиҳаси тасдиқланишига рухсат берса, бу ерда истиқомат қилувчиларнинг аҳволи нима кечади?
М.У.: — Бу вазият судга боғлиқ, агар суд лойиҳани тасдиқласа ва кўп қаватли уйлар қурилиши мумкин деб топса, аҳолига ёмон бўлади. Бу тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқининг бузилишидир. Бу лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимияти ёки Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланмаган. Ҳеч қайси стандартларга тўғри келмайди. Чунки кўп қаватли бино қурилса, орқа томондан ойна очиладиган бўлса пастда яшайдиган фуқароларнинг уйлари кўринади. Бу мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Кўп қаватли уйни беш қаватгача қуришса, муаммо келиб чиқмаса керак деб ўйлайман. Aгар 12 қават қураман деса, биринчи тасдиқланган таклиф лойиҳасини бериб, хонадонларни сотиб олиши керак бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 911- сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мулкдорларни рози қилиб қурилишни бошласа, ҳеч қандай муаммо бўлмас эди.
Ф.Н.: — Қурилиш стандартлари бўйича қурилаётган бино ва хонадонлар орасидаги масофа қанча бўлиши керак ва бу бино қанчалик қурилиш талабларига мос?
М.У.: — Қурилишнинг ўзига яраша талаблари бор. Кўп қаватли бино қуриларкан, унинг атрофидаги хонадонлар билан оралиқ масофаси 40 метрни ташкил этиши керак. Aгар бинода ойна бўлмаса 15 метр масофада бўлса ҳам бўлади.
Ҳокимлик вакили ишонч билан ноқонуний қурилиш эканини айтяпти, фуқаролар эса уйи атрофида кўп қаватли бино қурилишидан норози. Шаҳарнинг қоқ марказида шунчаки ноқонуний, ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз қурилиш бўлсаю, ҳеч ким бунга чора кўролмаса, уни тўхтатолмаса. Ё қурилиш ортида аҳоли, ҳокимлик вакиллари ва биз биламаган катта кучлар борми?
Масалага холис муносабат билдириш мақсадида “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ раҳбарини қидиришга тушдик. Қурилиш бўлаётган бино яқинидаги сотув офисига борганимизда, эшик берклигига гувоҳ бўлдик. Объектга бориб “прораб”ни учратдик. Қурилишга масъуллар биз билан мулоқотда ишга келганига эндигина 10 кун бўлгани, ҳолат ҳақида ҳеч нарса айтолмаслигини маълум қилишди. Қурилиш лойиҳасини кўрсатишларини сўраганимизда обдон қидириб, чала ҳолдаги лойиҳа билан таништирдилар. Раҳбарият эса асосий сотув офисида бўлишини айтиб, бизни ўша манзилга йўлладилар.
“GRAND HOUSE”нинг асосий сотув офисига борганимизда, уй сотиб олиш истагида келганлар жуда кўп эди. Энг ачинарлиси, ҳали бузиш учун розилик олинмаган хонадонлар ўрнини қурилиши режалаштирилаётган болалар майдончаси сифатида тап тортмасдан таништиришарди. Сотув офисида ким билан гаплашмайлик, улар ишга энди келгани, биз бераётган саволларга эса ҳеч қандай жавоб беролмасликларини айтишди. Тез орада телефон орқали кимлар биландир гаплашиб, QALAMPIR.UZ’дан мухбирлар келганини хабар қилишди. Раҳбарият эса телефон орқали ходимларига қурилаётган бино яқинидаги офисга боришимиз кераклигини уйтирди. Биз айтилган жойга етиб борганимизда, икки турк инвестори ва ўзини “GRAND HOUSE” раҳбари деб таништирган Мақсуд исмли шахс кутиб олди. Ҳолатни тушунтириб, воқеа юзасидан интервью беришларини сўрадик. Улар қурилиш учун ҳужжатлари борлигини, барчасини тўплаб, алоҳида интервью беришларини маълум қилишди. Орадан 10 кундан зиёд вақт ўтди. Бироқ ҳужжатлар топилмади, улар бизга интервью масаласида мурожаат ҳам қилмади.
Шу ўринда савол туғилади: модомики, улар интервью учун шундай ҳозирлик кўраркан, уй қуриш учун ҳам шундай тайёргарлик кўришдими?
Биз билан суҳбатда турк инвесторлардан бири аҳоли “ҳеч ким”лиги, агар қурилишдан норози бўлишса, судга мурожаат қилишлари кераклигини айтди. Шунингдек, у журналистлар ҳеч ким экани, мурожаат қилишимиз керак бўлган жой ва одам улар эмаслигини айтиб бақира кетди.
Ҳали хонадонлар билан келишмай, нега уй қуришни бошладингиз деган саволга, “GRAND HOUSE” раҳбари “ҳозирча қурилишни тўхтатиб турибмиз, олдин аҳолидан розилик олиб кейин давом этирамиз”, дея жавоб қайтарди. Бироқ, биз у айтган гапларнинг аксига гувоҳ бўлдик. Қурилиш объектида иш қизғин.
Ўзбекистоннинг яқин тарихига назар ташлайдиган бўлсак, коррупциялашган қурилиш соҳасида одатда бундай лойиҳаларнинг ортидан фалончининг тоғаси, пистончининг поччаси бўлиб келган. Энг камида ишнинг бош қаҳрамонлари ҳокимлар бўлиб чиққан. Хўш, “Askiya City”нинг қонунларни менсимайдиган, аҳоли уйларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга уринаётган қаҳрамони ким? Шаҳарнинг қоқ марказида 4 йилдан буён қурилиш бўлсаю ҳеч ким миқ этмаса, пушугини пишт демаса. Бунга қайси мезонлар билан баҳо бериш мумкин. Одамларнинг яшаб турган уйига ярим тунда келиб бульдозер ҳайдаганлар, қўлида гўдаги билан ярим кечаси кўчага улоқтирганлар энди қаерда? Ё бундан ўзим – ўзимга хон, кўланкам – майдон дейдиганларга гаплари тугул, тишлари ҳам ўтмайдими? Шаҳар марказидаги майдонни безаш уринаётган Ортиқхўжаев, сиз қаердасиз? Нега жимсиз?
Президент адолат, адолат, адолат деб кўп такрорлайди. Одамлар эса адолат борлигини эртага эмас, бугун ҳис қилиши керак.
Ушбу мурожаатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси