“Айрим қарорлар ойлаб чўзилмоқда”. Президент Янги Тошкентдаги қурилиш жараёнларини танқид қилди

Local

−

image

Янги Тошкентда қурилиш қилиш учун таклифларни кўриб чиқиш тартиби мураккаб ва етарлича шаффоф эмас, айрим қарорлар ойлаб чўзилмоқда. Бу ҳақда бугун, 12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда сўз очди.

Президент Янги Тошкентнинг мастер режаси мукаммал шаҳар қуриш учун ишлаб чиқилганини, бироқ у сармоядорлар ташаббусига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган. Агар ўзига хос лойиҳа шаҳар манфаатига хизмат қилса, лот майдони ёки объект турини ўзгартириш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланиши лозим. 

Бунга ҳуқуқий имконият бор. Аммо таклифларни кўриб чиқиш тартиби мураккаб ва етарлича шаффоф эмас, айрим қарорлар ойлаб чўзилмоқда. Шу сабабли инвестор таклифларини тез ва аниқ мезонлар асосида кўриб чиқиш талаб этилган. 

“Санкт-Петербург” мавзесига тадбиркорлар қизиқиши бежиз эмас: унинг концепцияси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш рухсати олдиндан тайёр. Дирекцияга шундай тайёр лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. 

Янги Тошкентнинг “ташриф қоғози”га айланадиган йирик тижорат объектлари ҳам керак. Ҳозиргача сотилган 54 та лотдан атиги 3 тасидаги лойиҳа қиймати 100 миллион доллардан ошади. 

Шу мақсадда очиқ ташаббус ва “Swiss challenge” тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Ташаббус очиқ эълон қилинади. Агар бошқалар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга ажратилади.

Янги Тошкентда хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар қурилишига туртки бериш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади. Давлат раҳбари тураржой қуриш билан шаҳарга хизмат қиладиган меҳмонхона ёки савдо марказини барпо этишнинг иқтисодий юки бир хил эмаслигини таъкидлаган. 

Инфратузилма тўловининг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун 3 баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баробар, маданий ҳамда кўнгилочар масканлар учун 10 баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов 1 фоиз этиб белгиланади. 

Бу тартиб қурилиши бошланган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади. Дунёнинг етакчи архитекторлари ишлаб чиққан ўзига хос лойиҳаларга тезкор тартиб қўлланади. Лойиҳалаш, қурилиш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари жадаллаштирилади, бир хил маълумотни қайта-қайта талаб қилиш амалиётига чек қўйилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends