Қурилиш вазирлиги пойтахтдаги ноқонуний қурилаётган бинолар ҳақида маълумот берди

Жамият 5583
image

Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳрида экспертиза органларининг ижобий хулосаси бўлмасдан ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиши давом этаётган бинолар ҳақида маълум қилди. Таъкидланишича, ушбу бинолар хусусий инвесторлар ҳисобидан қуриляпти.

1. Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Беруний кўчасида жойлашган “Humo Sarbon” МЧЖ томонидан “Кўп қаватли мехмонхона биноси” қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги ва Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмагани аниқланган.

Текширув жараёнида маълум бўлган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “Humo Sarbon” МЧЖ раҳбари ўринбосари Ҳусан Ғофуржанович Каримовга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 21 январда Тошкент шаҳар Олмазор тумани маъмурий судига чора кўриш бўйича йиғма иш жилди юборилган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми (объектларни давлат экспертизасининг ижобий хулосасисиз, шунингдек, сифатни назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш) билан жавобгарликка тортилган. 

Шунингде, Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳудудий ишчи гуруҳи комиссияси раисига 25 январда 292-сонли хат орқали юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўриш масаласини атрофлича кўриб чиқиб, ўрнатилган тартибда тегишли чора кўриш ва қилинган ишлар натижаси бўйича маълумот бериш сўралган. 

“Шунга қарамасдан бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган”, дейилади хабарда.

2. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ж.Шоший 2-тор кўчаси, 4-уй ва Аския кўчаси 36, 36/1-уйлар ёнида “Insoft Invest” МЧЖ томонидан “Кам қаватли биноларни бузилиши ҳисобига пастки қаватларида савдо ва маиший дўконлари жойлашган кўп қаватли турар-жой бинолари”нинг қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги аниқланган.

Мазкур қурилиш объекти ҳам Вазирлар Махкамасининг қарорига асосан Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган. 2020 йил 7 майда молиялаштириш манбаларидан қатъи назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 27 майдаги 730-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ва улар белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “Insoft Invest” МЧЖ раҳбари Қурбонов Махсуд Зиятовичга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 5 июнда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани маъмурий судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми (объектларни давлат экспертизасининг ижобий хулосасисиз, шунингдек, сифатни назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш) билан жавобгарликка тортилган.

Юқорида кўрсатилган талабларни бажармаганлиги учун қурилишни тўхтатишга такроран берилган ва 2020 йил 21 октябрдаги 2127-сонли ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатларда бажарилмагани учун “Insoft Invest” МЧЖ масъул мансабдор шахсига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилган, яна такроран Яккасарой туман маъмурий суди раиси номига 2020 йил 23 октябрда 2549-сонли хат билан юборилган. Шунга қарамасдан бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда қонунчиликда ўрнатилган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган.

3. Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Сағбон 30-берк кўчаси манзилида жойлашган “Shаyх аj Invesт” МЧЖ томонидан “Кўп қаватли турар жой биноси” қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги аниқланган.

Мазкур қурилиш объекти ҳам Тошкент шахар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор килиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган. Текширув жараёнида аниқланган ҳуқукбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 18 августда 1158-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “Shаyх аj Invesт” МЧЖ раҳбари Сайфуллаев Комилжон Қобилжон ўғлига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 25 августда Тошкент шаҳар Олмазор тумани маъмурий судига чора кўриш бўйича йиғма иш жилди юборилган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-кисми билан жавобгарликка тортилган. 

Аммо шунга қарамасдан бугунги кунда курилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган.

4. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчасида “Zarafshon Building” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмасдан “Мавжуд биноларни пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли меҳмонхона ҳамда турар жой биноларига ихтисослаштириб реконструкция қилиш” бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 25 августдаги 1272-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “Zarafshon Building” МЧЖ раҳбари Суннатов Меҳриддин Ҳамробоевичга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 9 сентябрда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани маъмурий судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми (объектларни давлат экспертизасининг ижобий хулосасисиз, шунингдек, сифатни назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш) билан жавобгарликка тортилган. Жамият томонидан 2020 йил 11 сентябрда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагунга қадар қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш тўғрисида 35-сонли кафолат хати берилган.

Бироқ, “Zarafshon Building” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Юқорида кўрсатилган талабларни бажармаганлиги учун такроран 9 февралда қисқа муддатли текширув ўтказилиб, шу санада 345-сонли ёзма кўрсатма берилган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагунга қадар қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш тўғрисида 10 февралдаги 16-сонли кафолат хати тақдим қилинган.

5. “Uchtepa Qalqon” МЧЖ корхонаси Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Сергели-5 мавзеси, Турсунзода кўчаси бўйида ертўласи (подволи) бўлган тўққиз қаватли турар-жой биносини қуриш учун рухсатнома олмасдан бошлаб юборган.

Ноқонуний қурилмага чора кўриш учун Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудий ишчи гуруҳи комиссияси раисига ваколат доирасида чора кўриши учун бир неча бор ҳатлар чиқарилган. Ҳокимият ва туман прокуратураси томонидан бир неча бор огоҳлантиришлар натижасида эса иморатнинг қуриб битказилган 6- ва 7-чи қаватларигача бўлган қисмининг сифатини инструментал техник тафтишдан ўтказишга инспекция қошидаги қурилиш синов лабораторияси ва бино-иншоотларни техник ҳолатини ўрганиш бўлими билан шартнома тузиб, Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат Инспекцияси рўйҳатидан ўтган ва қурилиш ишларини бошлаш учун рухсатнома берилган. Аммо иморат юзасидан инструментал техник хулосани буюртмачи шартнома асосида тўлиқ тўлов пулини тўламаган ва тайёрлаб қўйилган инструментал техник хулосани олмаган. Қурилиш объектида қурилиш монтаж ишлари юзасидан олиб борилган мониторинглар даврида сифатсиз бажарилган ишлар ва инструментал техник текширувда аниқланган камчиликларни бартараф этмаганлиги юзасидан 2018 йил 19 июль куни ёзма кўрсатмалар берилган, аммо “Uchtepa Qalqon” МЧЖ корхонаси томонидан камчиликлар бартараф этилмасдан қурилиш ишлари номаълум сабабларга кўра қурувчи томонидан вақтинча тўҳтатиб қўйилган.

Қурилиш монтаж ишлари бошланиши билан инспектор томонидан 2019 йил 28 октябрь куни ёзма кўрсатма берилган. Кўрсатма талаблари бажарилмасдан, иморатнинг қурилиши тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларидан четлашган ҳолда қурилиш ишлари узил кесил яна давом эттирилиб келинган. 2020 йил 18 февралда 390-сонли ва 5 июлда 1048-сонли ёзма кўрсатма талабларини бажариш лозимлиги ҳақида “Огоҳлантириш хат”лари жўнатилган. “Uchtepa qalqon” МЧЖ томонидан барча кўрсатмалар бефарқ қолдирилиб, қурилиш ишларини давом эттираётганлиги учун инспекция томонидан 12 январ куни ёзма кўрсатма ва огоҳлантириш хатларидаги талабларни бажармасдан қурилиш-монтаж ишларини давом эттирилаётганлиги сабабли “Қурилиши битган иморатларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни расмийлаштиришда Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги худудий назорат Инспекцияси қатнашмаслигини маълум қилиб, навбатдаги “Огоҳлантириш хати” жўнатилган.

Аммо ҳозирги кунга қадар қурилиш ишларини амалга ошираётган масъул шахслар инспекцияга келишмаган. Шунингдек, ушбу объектни қураётган ташкилот “Uchtepa Qalqon” МЧЖ корхонаси раҳбарлари юзасидан 2020 йил бошида Ички ишлар Вазирлиги қошидаги тергов департаменти томонидан жиноий иш қўзғатилган пайтида ҳам иморат қурилишини тўхтатиш имкони бўлмаган.

“Uchtepa Qalqon” МЧЖ томонидан сифатсиз қурилиш монтаж ишлари ҳозирга қадар бартараф этилмаган, иморатнинг қурилиши тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мос келмайди.

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Яккасарой туманида “Insoft Invest” МЧЖ томонидан қурилаётган “Askiya City” турар жой мажмуаси ноқонуни барпо этилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур қурилиш ноқонунийлигини Яккасарой тумани ҳокимлиги вакили хам тасдиқлаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 73
Рейтинг: 3.2
t
×