Қудбиевни ҳам судга бериш вақти келди – профессор Мирзиёевдан Кушербоев ишида адолат сўрамоқда
Жамият
−
28 Апрель 2021
38585Бугун Давлат солиқ қўмитасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевни судга бергани кун тартибидаги мавзу бўлиб турибди.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Саноқулова ДСҚ Кушербоевни судга берганига муносабат билдириб, ўтган йил октябрь ойида ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган солиқ қўмитаси раиси билан боғлиқ воқеани эслаган.
“2020 йил октябрда Солиқ қўмитаси раиси Шерзодбек Қудбиев ходимларини уларга маьнавий ва моддий зарар етказиши мумкин бўлган, уларни ишчанглик қобилиятига жиддий салбий таьсир кўрсатиши мумкин бўлган бисотидаги барча “исқирт ва ифлос сўзлар” билан хақорат қилган эдилар! Бу хақоратлар аниқ айтиш мумкинки, солиқ органлари ходимларининг ишига бўлган мехрини пасайишига олиб келган бўлиши аниқ, чунки нормал, ўзини хурмат қилган инсон зоти бу сўзларга бефарқ бўлиши мумкин эмас!”, дейди Барногул Саноқулова.
Профессор Саноқулова Президент Мирзиёев қонун олдида ҳамма тенглигини бот-бот такрорлашини айтиб, Кушербоев судга берилган бўлса, Қудбиев ҳам жазосиз қолмаслиги кераклигини қўшимча қилган.
“Бугун Расул Кушербоевни қўмита судга бергани ва 4,6 млрд сўмлик моддий зарарни ундириш учун мурожат қилганини билдик, демак Шерзод Қудбиевни ҳам судга бериш вақти келди, буни мана ўзлари бошлаб бердилар.
Хурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев доим таькидлайдилар қонун ҳаммага тенг эканлиги ва бунга шахсан ўзлари кафолат беришларини, демак кафолат бўлиш онлари келди, биз Президентимизга ишонамиз, хар бир сўзлари, нутқларига қатьий ва содиқдирлар”, деган олим ДСҚ раиси жазосиз қолганини урғулаб.
Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Хидралиевич Кушербоев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритгани ҳақида хабар берган эдик. ДСҚ етказилган маънавий зарар учун 4,6 млрд сўм товон пули талаб қилмоқда.
Кушербоев QALAMPIR.UZ'нинг сўровига кўра, ўзига қарши очилган даъвога муносабат билдириб, аввало, 4,6 млрд сўмлик зарар қаердан олинганини исботлаш кераклигини, у тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиб, ўз фикрини билдирганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмагани, унинг ҳисоб рақамини ёпиб қўйилганидан ғазабланиб, ходимни ҳақорат қилгани ёзилган аудио тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қўмита раиси аудиоёзувдаги гаплар унга тегишли эканини тан олган, аммо бу бўйича бирор чора кўрилгани ҳақида хабар берилмаган.
LiveБарчаси