Ҳақиқат ҳақоратга кирса, билмадим – Кушербоев судга берилганини изоҳлади
Жамият
−
27 Апрель 2021
18486Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Хидралиевич Кушербоев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритгани ҳақида хабар берилган эди. QALAMPIR.UZ ҳолат юзазидан изоҳ олиш мақсадида Расул Кушербоев боғланди.
Депутат ўзига “юклатилган” маънавий зарар суммасини эшитганидан сўнг “бу суммага уйимни топа олмай қоламан-ку”, деган жавоб билан чекланди. Шунингдек, у воқеага ўз муносабатини билдирди.
“Менга ҳам таниш адвокатлар чиқяпти. Агар жиддий боришса, мени ҳам адвокат топиб, расмийлаштираман. 4 миллиард 600 миллион сўмни қаердан олишган, билмадим. Майли, биринчи навбатда судда исботлашсин! Мен билдирган бўлсам, танқидий фикр билдирганман. Қилаётган ишлари нотўғри эканини айтганман. Ўзимни танқидий муносабатим билан тадбиркорлар ҳуқуқи учун “туриб беришга” ҳаракат қилганман. Ҳақиқат ҳақоратга кирса, билмадим энди. Кўрамиз, исботлаб берсин”, дейди Кушербоев QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
Шунингдек, Расул Кушербоев айнан бирор жисмоний шахсга қарата бирор фикр билдирмаганини таъкидлади.
“Мен “фалончи писмадончиев” деб очиқ айтмаганман. Бу ерда мураккабликлар кўп. Мен шундай фикрдаманки, ДСҚ бир қатор тадбиркорларга нисбатан адолатсиз ва ноҳақ муносабатда бўлди. Агар уларнинг ҳеч қандай муаммоси бўлмай, ҳеч қайси тадбиркорни норози қилмасдан, 100 фоиз қонуний ишлаганларида мен ундай фикр билдирмасдим. Депутат сифатида кўпчилик номидан биз айтмасак, ким айтади? Майли, кўрамиз ким қаергача боради. Аввало, ҳали у даражагача борилмаса керак. Ҳамманинг омадини берсин”, дейди депутат.
Солиқ қўмитаси хабарига кўра, депутат Расул Кушербоевнинг судга берилишига “HUMAN UZ” ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.
Қайд этилишича, жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилади.
LiveБарчаси