Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербоевни судга берди
Жамият
−
27 Апрель 2021
23029Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Хидралиевич Кушербоев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бунга Расул Кушербоевнинг “HUMAN UZ” ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган.
“Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан жавобгар Расул Хидралиевич Кушербоев давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим”, дейилади хабарда.
Солиқ қўмитаси хабарига кўра, жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилади.
LiveБарчаси