ДСҚ раисининг ходимни ҳақорат қилгани аудиоси тарқалди. Қудбиев овоз ўзиники эканини тан олди
Жамият
−
14 Октябрь 2020
27115Ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг солиқ органи ходими билан телефон орқалит мулоқоти ёзиб олинган аудиоёзув тарқалмоқда. Унда ДСҚ раиси тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмагани, унинг ҳисоб рақамини ёпиб қўйилганидан ғазабланиб, ходимни ҳақорат қилади.
ДСҚ раиси мазкур ҳолат бўйича баёнот бериб, ушбу овозли ёзув ҳақиқатан ҳам унга тегишли эканини рад этмаган.
Айни вақтда унинг ҳақоратлари ёзилган аудио ва куни кеча раҳбарларнинг ҳақоратдан йироқ бўлиши кераклигини айтилган интервьюси монтаж қилиб тартилмоқда. Қудбиев ўз мурожаатида хатти-ҳаракатлари айтган фикрларини рад этаётганини ўз ҳам тан олган.
“Мен раҳбар шахс оғир вазиятларда ҳам вазминлик билан ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикримда қатъий тураман ва юқоридаги ҳолатда ўзим шу фикрга қарши ҳаракат қилганимни тан оламан. Юзага келган вазиятда масъулиятни ҳис қилган ҳолда, мен юқоридаги ходим билан алоҳида суҳбатлашдим ва биз биргаликда ёқимсиз ҳодисага тўлиқ барҳам бердик. Лекин бу мени масъулиятдан фориғ қилмайди.
Видеонинг тарқалиши борасида қуйидагиларни айтиб ўтмоқчиман.
Ҳеч кимга сир эмаски, солиқ тизимида ислоҳотлар бошланган, шу билан бирга жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Афсус билан айтиш керакки, ҳалигача айрим ҳолатларда тадбиркорларга нисбатан “соғин сигир” сифатида қараб, уларнинг ҳисобидан ўз хизмат вазифаларини, энг ёмони – айрим ҳолларда эса шахсий манфаатларини кўзлаётган шахслар учраб турибди.Юқоридаги видеода айнан шундай ҳолатлар муҳокама қилинган эди. Биринчи ҳолатда – тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмаган, иккинчи ҳолатда – асоссиз равишда хисоб рақами банд қилиниб, ундаги маблағлар ундирилмоқчи бўлган.
Масаладан яқиндан хабардор бўлганлар яхши билишадики, ходимларнинг бундай масъулиятсиз ҳатти-ҳаракатлари видеода айтиб ўтилган иккала ташкилотнинг ҳам фаолияти тўхтатилиши каби жиддий оқибатларга олиб келган эди. Ҳозирда ушбу корхоналарнинг фаолияти тўлиқ қайта тикланишига эришилди.
Афсуски, бугунги кунда бу каби масалаларни ҳал этишда шахсан менинг аралашувим талаб этилмоқда”, дейди Қудбиев.
ДСҚ раисининг таъкидлашича, яқин келажакда солиқ органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига қасддан ёки тасодифан аралашув имкониятини бутунлай йўққа чиқарадиган янги тизимни ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақида сўз очаркан, Қудбиев бу янгиликлар кимгадир ёқиши, кимларгадир ёқмаслигини айтади.
“Бундай янгиликлар кимгадир ёқади, кимгадир эса – йўқ. Тизимдаги ўзгаришларга қарши бўлганлар турли усуллар билан ўзгаришларга қаршилик қилишга ҳаракат қилишади.
Лекин барча тушуниши керакки, биз олдимизга солиқ тизимини тадбиркорларга кўмак берадиган тизимга айлантириш бўйича аниқ мақсад қўйганмиз.
Бу жуда мураккаб жараён бўлади ва ҳамма ҳам биз билан бу йўлнинг охиригача бирга босиб ўтолмаслиги мумкин, ким биландир хайрлашишга тўғри келади, ким биландир аллақачон хайрлашдик. Лекин, бир масалада ишончим комилки, ходимларимизнинг катта қисми ушбу ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Якунда шуни маълум қилмоқчиманки, юқоридаги ҳолат бўйича қўмита Ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Унда юқоридаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва ташкилотимиз фаолиятини янада яхшилаш бўйича хулосалар қилинди”.
Эслатиб ўтамиз, Шерзод Қудбиев жорий йилнинг 13 май куни ДСҚ раиси лавозимини эгаллаган. Бунгача у Президент маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15