Қозоғистоннинг янги Конституцияси салкам 90 фоиз овоз билан тасдиқланди
Олам
−
11:17 1000 2 дақиқа
Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси бўйича ўтказилган республика референдумида овоз бериш якунланди ва 86,7 фоиз овоз билан янги таҳрирдаги Конституция тасдиқланди. Бу ҳақда “CentralAsia” хабар берди.
Маълумотларга кўра, референдум иштирокчиларининг 86,7 фоизи Конституциянинг янги таҳририга овоз берган. Сўров 17 вилоят ҳамда мамлакатнинг учта йирик шаҳридаги 200 та сайлов участкасида ўтказилган бўлиб, тахминан 30 минг нафар респондентни қамраб олган.
Янги Конституция лойиҳаси Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Ҳужжат бир қатор институционал ўзгаришларни, хусусан, икки палатали парламентни тугатиш ва бир палатали қонунчилик органи – қурултойни ташкил этишни назарда тутади.
Шунингдек, мазкур ҳужжат Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга 2029 йилдан кейин ҳам ҳокимиятда қолиш имконини берувчи бўшлиқ яратиши мумкинлиги айтилмоқда. Қолаверса, янги Конституция 1996 йилда бекор қилинган вице-президент лавозимини қайта тиклайди.
Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, референдумда иштирок этиш даражаси 73,24 фоиз бўлган. Овоз беришда жами 9 миллион 126 минг 850 нафар фуқаро қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун,16 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаганди.
Live
Барчаси