Қозоғистонда сув тошқини туфайли 12,7 минг киши эвакуация қилинди
Олам
−
01 Апрель
3963Қозоғистонда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш доирасида мамлакатнинг 12 вилоятидаги сув тошқини зоналаридан 12 минг 701 киши, жумладан 4 минг 728 нафар болалар эвакуация қилинди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, эвакуация ишлари Ақтўбе, Қостанай, Ғарбий Қозоғистон, Оқмола, Атирау, Қарағанда, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Олмаота, Павлодар, Улитау ва Абай вилоятларида амалга оширилган.
Ҳозирда Ақтўбе, Ғарбий Қозоғистон, Оқмола ва Қостанай вилоятларидаги вақтинчалик жойлаштириш марказларида 6461 киши, жумладан, 2570 нафар бола бор. 961 киши, жумладан, 261 бола самолётлар билан эвакуация қилинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, сув тошқини мавсуми бошидан буён қутқарувчилар ва вилоят ҳокимлиги томонидан 4,2 миллион куб метр сув оқиб чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Қозоғистоннинг айрим вилоятларида қорнинг кучли эриши оқибатида сув билан боғлиқ вазият янада мураккаблашгани сабабли, Абай, Уральск, Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
Шундан сўнг Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 30 март куни мамлакатнинг қатор ҳудудларида сув тошқини туфайли юзага келган фавқулодда вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда давлат раҳбари қозоғистонликлардан узр сўради.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь