Тўқаев қозоғистонликлардан узр сўради
Олам
−
31 Март
38499Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 30 март куни мамлакатнинг қатор ҳудудларида сув тошқини туфайли юзага келган фавқулодда вазият юзасидан тезкор йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов, Президент Администрацияси раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар иштирок этди. Давлат раҳбарига ҳудудлардаги бугунги ҳолат, жумладан, одамларни қутқариш, сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукумат ва ҳокимлар фаолиятида бепарволикка йўл қўйгани ва уларга профессионаллик етишмаслигини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ўртасида мувофиқлаштириш йўқ. Президент жабрланган ҳудудлар аҳолисининг шахсий мулки кўп миқдорда йўқолганидан афсусда эканини билдирди. У халқидан узр сўради ва барча жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатилишига ишонтирди.
Йиғилишда сел тошқинига қарши чоралар ўз вақтида кўрилмагани учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитовга, Атирау, Ақмўла, Олмаота, Павлодар ва Абай вилоятлари ҳокимларига қаттиқ танбеҳ, Ақтўбе, Қўстанай ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари ҳокимларига огоҳлантириш берилди.
Президент вазиятни тўғрилаш учун тезкор оператив ҳаракатлар билан бир қаторда тизимли чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Бош вазир бошчилигида Республика штабини ташкил этиш, шунингдек, барча ҳудудларда селга қарши ишларни кучайтириш ва биринчи навбатда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш топширилди. Давлат органларига табиий офатлар оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва келгусида шу каби офатларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Қозоғистоннинг айрим вилоятларида қорнинг кучли эриши оқибатида сув билан боғлиқ вазият янада мураккаблашгани сабабли, Абай, Уральск, Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
LiveБарчаси