Қозоғистонда Президент Администрациясига янги раҳбар тайинланди
Олам
−
06 Февраль
6271Ойбек Дадебоев Қозоғистон Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди.
“Ойбек Дадебоев Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинлансин, у илгари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинсин”, дейилади хабарда.
Бунгача Дадебоев Президент Администрацияси бошқарувчиси лавозимида ишлаган. У бу лавозимга 2022 йилнинг январида тайинланган. Ўша йилнинг ноябрь ойида Ойбек Дадебоев яна мамлакат Президенти Администрацияси бошқарувчиси этиб тайинланган.
Маълумотларга кўра, Ойбек Дадебоев 1980 йил 1 апрелда Олмаота шаҳрида туғилган. Абилайхон номидаги Қозоғистон халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Минтақашунослик бўйича магистр даражасига эга.
Фаолиятини 2001-2002 йилларда Қозоғистон давлат халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университетининг Халқаро туризм менежменти кафедраси ўқитувчиси лавозимида бошлаган.
2008-2011 йилларда Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати девонининг парламентлараро алоқалар ва халқаро ҳамкорлик бўлими эксперти, Сенат раиси ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
2011 йилдан 2013 йилгача Қозоғистон Республикасининг Женевадаги БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонасининг атташеси бўлган.
Кейинчалик олти йил давомида Сенат раиси ўринбосари, котибият мудири, 2019-2021 йилларда эса Президент девони раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган. II даражали дипломатик тоифага эга.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 февраль куни Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиққан эди. 2022 йилнинг январидан бери Бош вазир лавозимида ишлаб келаётган Алихон Смаилов ҳукумат истеъфога чиққанидан сўнг Қозоғистон халқига мурожаат қилиб, ўз фаолияти натижаларини сарҳисоб қилди. Унинг ўрнига Олжас Бектенов тайинланди.
LiveБарчаси