Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик аёл Грузиядан Қозоғистонга экстрадиция қилинди
Crime
−
11:19 592 2 minutes
Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонда фоҳишалик ва жинсий хизматлар кўрсатувчи шахсларнинг анкеталарини интернетда реклама қилиш билан боғлиқ жиноий гуруҳ фаолиятида гумонланмоқда. У Грузиядан Қозоғистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ таркибида фаолият юритган. Тергов маълумотларига кўра, у гуруҳнинг бошқа аъзолари билан биргаликда Kyzdar.net интернет сайтида жойлаштирилган анкеталарни тўлдириш ва уларни реклама қилиш учун фоҳишалик ҳамда бошқа жинсий хизматлар билан шуғулланувчи шахслардан буюртмалар қабул қилган.
Гуруҳ аъзолари тушган маблағлардан комиссия ҳақини ушлаб қолиб, қолган қисмини сайт ташкилотчиларига ўтказиб турган. Шу орқали ноқонуний воситачилик фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаган.
Қайд этилишича, жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари аллақачон турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Гумонланувчи ҳамда гуруҳнинг бошқа айрим аъзолари эса терговдан яширингани сабабли халқаро қидирувга берилган.
Ўзбекистон фуқароси жорий йилнинг июль ойида Грузияда қўлга олинган. Қозоғистон Бош прокуратураси сўровига биноан у Қозоғистонга экстрадиция қилинган ва ҳозирда тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Унга қўйилаётган айбловлар бўйича 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳамда мол-мулкини мусодара этиш жазоси назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Мерсин вилоятида гиёҳвандликка қарши кураш доирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон томонидан гиёҳвандлик жинояти учун халқаро миқёсда қидирувга берилган Одил Худойбердиев қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All