Қозоғистон жанубидаги оммавий муштлашув сабаби маълум бўлди
Олам
−
08 Февраль 2020
16415Қозоғистон жанубида саккиз киши ҳалок бўлган ва 40 киши жароҳат олган оммавий тартибсизликнинг сабаби маиший можаролар бўлиб чиқди. Бу ҳақда бугун, 8 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Республикаси Ахборот ва жамоат тараққиёти вазири Даурен Абаев маълум қилди.
Абаевнинг таъкидлашича, фожиа, хусусан, маиший можарони миллатлараро можарога айлантирмоқчи бўлган фитначилар туфайли рўй берган. Ҳозирги вақтда Абаевнинг сўзларига кўра, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Республика Бош прокурорига терговни назоратга олишни буюрди. Шунингдек, Президент бу ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабат билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида оммавий муштлашув бўлиб ўтган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тартибсизликларда 70 га яқин киши иштирок этган. Тўқнашув пайтида қурол ишлатилгани ҳам айтилмоқда.
Аввалроқ, оммавий муштлашув натижасида саккиз киши ҳалок бўлган, 40 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эдик. Жароҳатланганлар орасида икки нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими ҳам бўлган. Тартибсизликлар вақтида 30 га яқин уй, 15 дўкон ва 23 та машина ёқиб юборилган. Ҳозиргача 47 киши ҳибсга олинган.
Ўрта Осиё минтақасида миллий можаролар бўлиб туриши янгилик эмас. Сўнгги 30 йил ичида минтақада ўнлаб миллий низолар бўлиб ўтди. Хусусан, 1989 йил Фарғона водийсида ўзбеклар ва месхети турклар ўртасида бўлган тўқнашувлар, шунингдек, 2010 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-қиргиз можаролари бунга яққол мисол бўлиши мумкин.
Нуруллоҳ Шарипов
LiveБарчаси