Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида километрлаб тирбандлик юзага келди

World

−

image

Бугун, 20 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги божхона постларида юк машиналари тўпланиб қолгани акс этган видео тарқалди. Бироқ мазкур тасвирлар бир неча кун аввал олинган бўлиб, айни вақтда икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари одатий тартибда ишламоқда. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев ўзининг Telegram-каналида муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Давлат даромадлари департаменти Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктларида юк машиналари навбати ҳақида ҳар 24 соатда маълумот бериб бормоқда.

Департамент маълумотига кўра, бугун, 20 ноябрь куни соат 09:00 ҳолатида “Б. Қонисбоев” автомобиль ўтказиш пунктида 100 та юк машинаси навбатда турган. Мазкур постга туташ Ўзбекистоннинг “Яллама” чегара божхона пункти орқали эса бир суткада 1,5 мингдан зиёд юк автомобили ҳаракатланмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган юк автомобиллари сони сезиларли даражада ошган. Агар 2021 йилда икки давлат чегара-божхона постлари орқали бир суткада 1 165 та юк машинаси ўтган бўлса, 2026 йил ноябрь ойига келиб бу кўрсаткич 3 130 тага етган. Бу қарийб 2,7 баробар ўсишни англатади.

Таъкидланишича, видеоларда акс этган юк машиналарининг асосий қисмини икки давлат ҳудуди орқали транзит тарзида ҳаракатланаётган транспорт воситалари ташкил этади. Бу эса, жумладан, Қозоғистоннинг Хитой билан чегарасидаги “Хоргос” ўтказиш пункти 24 соатлик иш режимига ўтказилгани билан боғлиқ.

Натижада Хитойдан товар олиб кириш жараёни тезлашган, Ўзбекистон орқали Туркманистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга транзит юк ташиш ҳажми ҳам ошган.

Бундан ташқари, геосиёсий ва иқтисодий вазият, шунингдек, бошқа анъанавий савдо-логистика йўналишларидаги чекловлар халқаро юк ташиш йўналишларининг қайта шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда чегарада навбатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари ўртасида доимий ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юк машиналари навбати 25 километрга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends