Қозоғистон пойтахтида вазият қандай?
Олам
−
05 Январь 2022
28339Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда бугун, 5 январь куни эрталаб бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вазият тинч. Бу ҳақда РИА Новости хабар берган.
Кеча, 4 январь куни кечқурун маҳаллий полиция бўлими рухсат этилмаган митингнинг бир неча иштирокчиси ҳибсга олинганини эълон қилган. Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқаролар Манғистау вилоятида намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун пойтахт майдонларидан бирига келгани тасвирланган кадрлар пайдо бўлган.
Хабар қилинишича, бугун эрталаб Нур-Султондаги вазият одатдагидан фарқ қилмайди — жамоат транспорти маршрутлар бўйлаб ҳаракатланмоқда, йўллар тинч.
Таъкидланишича, пойтахтда мобиль интернет ҳамон ишламаяпти, мессенжерлар блокланган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.