Қозоғистон бензин нархини тартибга солишни бекор қилмоқчи
Олам
−
09:49
2753Қозоғистон бензин нархини тартибга солишни бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг Очиқ юридик шахслар веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатдан келтирилган.
Мамлакатнинг Энергетика вазирлиги қўшни давлатлар билан нархлардаги фарқни бартараф этиш ва кулранг экспорт хавфини камайтириш учун ёқилғи-мойлаш материаллари нархини тартибга солишдан босқичма-босқич воз кечмоқчи.
Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистон қўшни давлатлар орасида ёқилғи-мойлаш материалларининг энг паст нархига эга, бу эса ноқонуний экспорт ва ички бозорда танқисликка олиб келади.
Масалан, АИ-92 бензинининг бир литри 205 тенге, Россияда 288 тенге, Қирғизистонда 385, Ўзбекистонда 489 тенгедан (11 минг 956 сўм) сотилмоқда. Дизел ёқилғиси ҳам арзонроқ – Россияда 355 тенгега нисбатан 295 тенге, Қирғизистонда 427 тенге ва Ўзбекистонда 528 тенге(12 минг 909 сўм).
Қозоғистон Энергетика вазирлиги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашни ҳисобга олган ҳолда нархларни босқичма-босқич эркинлаштириш нефтни қайта ишлаш саноатини модернизация қилиш, иш ўринлари яратиш ва ички бозорни ёқилғи билан барқарор таъминлаш имконини беради, деб ҳисоблайди.
Расмийлар ёқилғи нархининг кескин ошишига йўл қўймасликларини айтди.
“Барқарор нархлаш моделига ўтиш нафақат саноатни модернизация қилишга ёрдам беради, балки ички бозорда барқарор вазиятни ҳам таъминлайди”, дея тушунтирди вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда Эрон, Ливия ва Венесуэла бензин нархи энг арзон ҳисобланган давлатлар сирасига кириши ҳақида хабар берилганди. Статистикага кўра, дунё бўйлаб бензиннинг ўртача нархи 1 литр учун 1,24 АҚШ долларни ташкил қилади. Ўзбекистонда эса 1 литр бензиннинг нархи 0,99 доллар ва бу дунёдаги ўртача нарх сегментига тўғри келади. Марказий Осиёда бензин арзон сотиладиган давлатлар – Туркманистон (0,42 доллар) ҳамда Қозоғистон (0,49 доллар) бўлди. Тожикистонда бензин нархи қанча эканлиги ва унинг дунё рейтингидаги ўрни ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Россияда эса 1 литр бензин нархи 0,57 долларни ташкил этади. Бензин нархининг ўзгариши кўп жиҳатдан ёнилғи солиғининг миллий тузилмалари ва субсидиялаш сиёсатидаги фарқлар билан изоҳланади.