Қорақалпоғистондаги воқеалар Мирзиёев ҳукумати учун синовдир – HRW
Олам
−
06 Июль 2022
14276Қорақалпоғистонда 18 кишининг ўлими ва 240 дан ортиқ фуқаронинг жароҳатланишига сабаб бўлган тартибсизликлар очиқ ва мустақил текширувдан ўтказилиши керак. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотида айтилади.
“Ушбу воқеалар Ўзбекистондаги энг жиддий зўравонлик авж олиши бўлди. Ҳокимият органларининг унинг оқибатларига қарши ҳаракатлари эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтмишдан воз кечиб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига риоя қилишини кўрсатиб беради”, дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.
HRW баёнотида таъкидланишича, Нукусдаги тартибсизликлар ва тўқнашувлар тафсилотлари номаълумлигича қолмоқда, жумладан, расмийлар минтақада интернетни узиб қўйгани ҳам.
“Бундан ташқари, воқеаларни ёритган журналистларнинг ҳибсга олиниши ва жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор”, дейилади баёнотда.
Ташкилот, шунингдек Ўзбекистонда мустақил суд тизими мавжуд эмаслиги, маҳкумларни қийноқларга солиш ҳолатлари тез-тез учраб туриши ва бундай ҳолатлар камдан-кам текширилаётганини қайд этган.
HRW Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда интернет алоқасини зудлик билан тиклашга ва журналистларни таъқиб қилишни бас қилишга чақирган.
Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда, айниқса, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ўртасида Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани, жумладан Британияда чоп этиладиган “The Economist” журналининг Нукусда бўлиб турган мухбири Жоанна Лиллис воқеаларни ёрита олмаётгани, ундан техникалари олиб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов бу хабарларни рад этди. Унга кўра, журналистларнинг Нукусдаги воқеаларни ёритиш жараёнида ҳеч қандай муаммо йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь