Қорақалпоғистонда қонунга зид ҳаракат қилиб вафот этганлар қурбон эмас, жиноятчидир – “Миллий тикланиш”

Жамият

image
0:00
0:00
download

Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда вафот этган оммавий тартибсизлик иштирокчилари қурбон эмас, жиноятчи. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари ва фаолларининг Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича эълон қилган муносабатида айтилади. Расмий муносабатни партия раиси Алишер Қодиров ўз Telegram-каналига жойлаштирди. 

“Ҳокимиятнинг ягона манбаи халқдир. Барча қарорлар халқ билан маслаҳатлашилмоқда, минглаб ташаббус ва таклифларга муносабат билдирилмоқда.  

Давлат бошқарувининг қарорларига муносабат билдиришнинг осон ва самарали тизимлари яратилган бўлса-да, қонунларга зид, ҳамма учун зарарли ва ҳаёт учун хавфли бўлган йўлни танлаганлар қурбон эмас, жиноятчидир.   

Фикр айтиш, масъулларга етказиш, муҳокама ва мунозара қилиш, лоқайд ва масъулиятсиз хизматчиларни танқид қилиш, шикоят қилиш ёки судга бериш ҳуқуқимиз ва ҳаққимиз! 

Лекин, биздан бошқа миллионларнинг ҳам турмуш маскани, хотиржамлиги манбаи бўлган жамоат тартиби, тинчлиги ва барқарорлигини бузмаслик ва бузғунчиларни қўлламаслик мажбуриятимиз ҳамдир!”, дейилади муносабат аввалида. 

Муносабатда Ўзбекистон тинчини бузмоқчи бўлганлар навбатдаги марта мақсадларига етолмагани, бундан кейин ҳам этолмаслиги урғуланади.   

“Бу манфур бузғунчиларни топиш ва жазолаш учун Ҳукуматимизда ваколат, имконият ва тажриба етарли эканига заррача шубҳамиз йўқ.  

Ким ва сабаби нима бўлишидан қатъи назар Қорақалпоғистондаги тартибсизликларни режалаган, ташкил қилган ва иштирок этганларнинг ҳаммаси қонунда белгиланган кескин жазоларини олишлари керак! 

Қарашларимиз турлича бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистонда барқарорлик ва халқимиз тинчлигини асраб-авайлаш йўлида бир бутун халқ бўлишимиз барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканлигини унутмайлик.  

Ватан учун  жонини фидо қилган шаҳидларимиз абадий хотирамизда сақланади”, дейилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг