Қорақалпоғистондаги воқеалар ортидан Комилов АҚШга борди
Олам
−
07 Июль 2022
17851Амалий ташриф билан АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация кеча, 6 июль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ҳамфа барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинган.
Бош котиб Ўзбекистоннинг 2022 йил 26 июль куни Тошкент шаҳрида “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Мазкур форумда БМТдан юқори даражадаги вакиллар иштирок этади.
Гутерриш Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан тинглагани айтилмоқда.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича муносабат билдириб, Ўзбекистон ҳукуматини намойишлар чоғида намойишчиларнинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини зудлик билан текширишга чақирган эди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ўзи баёнотида ўлганлар сони анча юқори бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди. Бироқ БМТ Бош котиби Гутерриш ва Комилов ўртасида Қорақалпоғистон масала муҳокама қилинганми ё йўқ, ТИВ бунга аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси