Қочқинларни 2 йилда “ҳайдаб соламиз” – Эрдўғаннинг аёл рақиби

Олам

image

Жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтадиган Туркияда президенти сайлови иккинчи турида мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли ғалаба қозонса, янги Ҳукумат шу йилнинг сентябриданоқ мамлакатга кириб олган қочқинларни 2 йилга қолмай Сурияга қайтариб юборади. Бу ҳақда Камол Қиличдорўғли номзодини қўллаб-қувватлаш учун "Миллат Иттифоқи"га қўшилган “Яхшилик” партияси раиси Мерал Акшенар “FOX TV” телеканалининг жонли эфирида маълум қилган. 

“Агар сайловда ғалаба қозонсак, сентябрь ойидан бошлаб барча қочқинларни 2 йил ичида Сурияга қайтариб юборамиз. Биз, 6 сиёсий партия умумий баёнот матнимизда бунга келишиб олдик. Жаноб Ўздоғ (“Зафар” партияси раиси – таҳр.) 1 йил муддатни айтди, мен учун муаммо йўқ, иложи бўлса, 1 йилда жўнатиш мумкин”, дейди Мерал Акшенар.   

Шунингдек, у сўзини давом эттираркан, мамлакатдаги бошқарувни ҳозирги президентликдан парламент тизимига қайтариш кераклигини айтди. У “Жумҳурият халқ” партияси раиси Камол Қиличдорўғли иккинчи турда президент этиб сайланса, мувозанат ва назорат таъминланишини таъкидлади.

“Айниқса, (Эрдўған раҳбарлигидаги) “Адолат ва тараққиёт” партияси сайловчилари, жаноб Эрдўғанни жуда яхши кўрадиганлар бу сайловда жаноб Қиличдорўғлига овоз бериши керак, токи биз парламентар демократияга ўтайлик ва бу қасос бизнесидан воз кечайлик, Туркия Республикаси қандай қурилган бўлса, ўша асосига қайтсин”, дейди Мерал Акшенар. 

14 май куни сайлов натижалари ҳақидаги саволга эса Акшенар, сайловда биринчи турда ғалаба қозонишларига чин дилдан ишонганликларини, аммо ғалаба қилолмаганларида бу ҳолатнинг сабаблари муҳокама қилинганини айтди. 

У Туркия фуқаролигини олган хорижликлар сони тўлиқ маълум эмаслигини қўшимча қилди. 

“Туркия фуқаролигини олган хорижликлар сони ҳақида турли тахминлар бор, лекин мен бу сайловда ютқазсак, кейинги сайловларда камида 1,5-2 миллион бошпана изловчи бўлишини даъво қиламан”, дейди у.

Акшенар, 28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи тур овоз беришнинг ҳам қочқинлар бўйича референдум бўлишини, жамиятнинг кўп қисми қочқинлар “кетиши керак” деган фикрда эканини урғулади. У бу масалага тўхталаркан, Эрдўған Ҳукумати қочқинларга контейнер уйлар лагерлари қургани билан муаммо ечилмаслигини билдирди. 

“Контейнер уйлари билан қочқинлар муаммосига ечим топиш мумкин эмас. Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Асад, Туркия бирга ўтириб қочқинларни юбориши керак. Бу халқаро ҳуқуқ доирасида мумкин. Асад ҳар йили амнистия эълон қилади, халқаро ҳуқуққа кўра, асосий масала ҳаёт хавфсизлиги. Демак, ҳар сафар у ерда амнистия эълон қилинганда, сиз одамларни юбориш ҳуқуқига эгасиз, айниқса, қочқинларни бир зумда депортация қилиш имконияти бор”, дейди “Яхшилик” партияси раиси.

Қайд этиш жоизки, "Миллат Иттифоқи"дан Эрдўғанга қарши номзод "Жумҳурият Халқ" партияси раиси Камол Қиличдорўғли ҳам сайловолди дастурида президентлик курсисига ўтиргач, илк қиладиган иши қочқинларни мамлакатдан чиқириб юбориш эканини қайд этган эди. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилди. Биринчи тур якунлари бўйича Эрдўған 49,51%, Қиличдорўғли 44,88% овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан ортиқ овоз керак эди, шунинг учун 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Сайловнинг иккинчи турида икки номзод – Эрдўған ва Қилдичдорўғлидан қай бирининг ғалаба қилиши кўп жиҳатдан Синан Оғанга боғлиқ бўлиб қолаётган эди. Боиси биринчи турда 5,17 овоз олган Синан Оған иккинчи турда иштирок этмайди ва у ўз тарафдорларини қайси номзодга овоз беришга йўналтирса, ўша томон ғалаба қилиш эҳтимоли катта. Оған эса амалдаги давлат раҳбарини қўллашини айтди

Маълумот учун, Эрдўған икки марта референдумда конституцияга ўзгартириш киритишга муваффақ бўлган. Энг фундаментал ўзгариш 2017 йилда умумий овоз беришда маъқулланган. Ўшанда парламент бошқаруви тизими президентлик тизимига алмаштирилган ва Бош вазир лавозими бекор қилиниб, Президент ваколатлари кенгайтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Мерал Акшенар Туркия Президенти сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг