Оған Эрдўған тарафга ўтди. Ғалаба нақддек
Олам
−
22 Май 2023
15479Туркия Президентлигига номзодини қўйган ва биринчи турдан сўнг 5,17 фоиз овоз билан мағлуб бўлган Синан Оған яқинлашаётган иккинчи тур сайловида амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни қўллашини маълум қилди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.
Маълум қилинишича, Оған сайловда у учун овоз берганларга миннатдорлик билдириб, агар у чекинганида сайлов биринчи турдаёқ тугаган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Биз турк миллатчилиги ва камолчилигини мамлакат кун тартибига айлантирдик. Турк миллатчиларини мақсадли аудитория қилдик. Муҳожирлар ҳақида етарлича хабардорликни яратдик. Курд ишчи партияси ва Фатҳуллоҳ Гулен каби террор ташкилотларига қарши курашда уларнинг Туркия сиёсатини қўлга олишларига тўсқинлик қилдик”, дейди у.
Синан Оған, шунингдек, зилзила масаласини миллий хавфсизлик даражасидаги муаммо деб атаб, бунинг учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигини тузиш таклифи ҳали ҳам ўз кучида эканини маълум қилган.
Бундан ташқари, у шу йилнинг 28 май куни бўлиб ўтадиган сайловдан олдин ҳар иккала номзод: Камол Қиличдорўғли ҳамда Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашиб, музокаралар олиб боргани ва сайловда амалдаги Президентни қўллаб-қувватлашга қарор қилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Синан Оған иккинчи турда Қиличдорўғлини қўллашини айтганди.
Маълумот учун, 28 май куни бўлиб ўтадиган Туркия Президенти сайловининг иккинчи турида икки номзод – Эрдўған ва Қилдичдорўғлидан қай бирининг ғалаба қилиши кўп жиҳатдан Синан Оғанга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Боиси биринчи турда 5,17 овоз олган Синан Оған иккинчи турда иштирок этмайди ва у ўз тарафдорларини қайси номзодга овоз беришга йўналтирса, ўша томон ғалаба қилиш эҳтимоли катта.
LiveБарчаси