Қобул Дўсов 5 йил 2 ойга қамалди
3-саҳифа
−
16 Июнь 49400 3 дақиқа
Бугун, 16 июнь куни собиқ депутат Қобул Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, у 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукмига мувофиқ Дўсов 5 нафар жабрланувчига (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасадди ва масъуллари, Чирчиқ шаҳри ИИБ Пробация бўлими катта инспектори) нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Қобул Дўсовга Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, Дўсов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида яратилган “Кабул Дусов” номли профил ҳамда Telegram месенжерида яратилган “Кобул Дусов/РАСМИЙ КАНАЛ/” номли канал фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ Қобул Дўсов Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Жорий йил 24 январь куни Қобул Дўсовни Самарқанд вилоятида ҳибсга олинди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан маҳкум Қобул Дўсовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди. 24 февраль куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судида Қобул Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, Қобул Дўсов 4 нафар жабрланувчига (Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъуллари Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суярова) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” банди ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Дўсов тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланган.