Блогер Гусейн Гасанов қамалади
Олам
−
17:15 755 2 дақиқа
Россия суди блогер Гусейн Гасановни сиртдан 4 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда бугун, 4 август куни РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, Москва шаҳри Пресненский туман суди блогер Гусейн Гасановни жиноий даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топиб, сиртдан 4 йил муддатга умумий тартибдаги колонияга ҳукм қилган.
Судья блогерни Россия Жиноят кодексининг 174.1-моддаси (жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш) 4-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Тергов маълумотига кўра, Гасанов якка тартибдаги тадбиркор сифатида 175 миллион рублдан ортиқ солиқ тўламаган. Кейинчалик у 68 миллион рублдан ортиқ маблағни “Москва-Сити” мажмуасидан хонадон сотиб олиш бўйича молиявий операциялар орқали легаллаштирганликда гумон қилинган.
Маълумот учун, Гусейн Гасанов энг машҳур рус тилли блогерлардан бири сифатида танилган. Унга кенг машҳурликни ҳажвий роликлар, қимматбаҳо автомобиллар билан ютуқли ўйинлар (гивлар), шунингдек, аввалроқ кўплаб баҳслар ва харидорларнинг эътирозларига сабаб бўлган “Миллионер фикрлаши” номли пуллик онлайн-курси олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Москванинг Чертановский суди 2025 йилнинг 14 май куни Гасановни жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш иши доирасида сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Унга Россия Жиноят кодексининг 174-моддаси 4-қисми (жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилганди.
Кейинроқ эса Прокуратура блогер Гусейн Гасановга жиноий йўл билан олинган пул маблағларини легаллаштириш бўйича даъво иши юзасидан сиртдан 6 йиллик умумий тартибли колония жазосини тайинлашни сўраган эди.
Live
Барчаси