Қирғизистондаги вазият: парламентнинг янги спикери ҳам истеъфога чиқди. Жээнбеков ниятини айтди

Олам

image
Алмазбек Атамбоев ҳибсга олинди north_east

Алмазбек Атамбоев ҳибсга олинди

Қирғизистон раҳбарияти таркиби тўлиқ шаклланишга улгурмай, яна бўшлиқлар пайдо бўлиб қоляпти. Бугун, 10 октябрь куни Қирғизистон Жўқорғи Кенешининг янги сайланган спикери Миктибек Абдилдаев парламент депутатлари йиғилишида истеъфога чиққанини маълум қилди.

Бишкекда ўтаётган Жўқорғи Кенеш сессияси хавфсизлигини пойтахтга киритилган ҳарбийлар таъминлаб турибди. Йиғилишни вице-спикер Мирлан Бакиров олиб боряпти.

Мажлисда Бош вазир лавозимига номзоди кўрсатилган Садир Жапаров ҳам иштирок этяпти. У депутатларга ўз дастурини тақдим этди.

Жапаровнинг депутатларга Президент Сооронбай Жээнбеков Ҳукумат тасдиқлангач, истеъфога чиқиш ниятида эканини ҳам айтиб ўтди. Бу ҳақда у мажлис бошланишидан аввал давлат раҳбари билан суҳбатлашганда, унинг ўзидан эшитганини билдирди.

Аввалроқ, Сооронбай Жээнбеков Хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаев ва унинг ўринбосари Омурбек Суваналиевни ҳам лавозимидан озод қилди.

Маълумот учун, тартибсизликлар бошлангач, Жээнбеков оммага кўриниш бермай қўйганда Суваналиев давлат божхона хизматига давлат раҳбарини мамлакатдан чиқармаслик кўрсатмаси берилганини айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Жумабеков ўрнини Миктибек Абдилдаев эгаллади. Боронв ўрнига Жапаров номзоди кўрсатилди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

274

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг