Қирғизистон Президенти ўзбекистонлик мураббийга машина совға қилди

Спорт

image

Бугун, 11 сентябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов билан учрашиб, унга Мунарбек Сейитбек уулунинг ғалабасига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик рамзи сифатида автомобиль совға қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Ҳасанов билан суҳбатда унинг ҳаракати Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги ва бирлигини улуғлаганини билдирди.

“Марказий Осиё халқлари бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни намоён этишини бутун дунё кўрди. Спорт тинчлик элчиси деб аталади. Сиз ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшдингиз. Бирдамлигимиз янада мустаҳкамланишини тилаб қоламан”, деди Жапаров.

Президент Париждаги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчиларнинг яхши натижаларини ҳам таъкидлади.

“Ўзбекистонда спортга катта эътибор қаратилмоқда. Биз сўнгги уч йил ичида спортчиларимизни фаол қўллаб-қувватлай бошладик. Илгари мусобақаларда қатнашиш учун маблағни ўз вақтида бера олмаган ҳолатлар бўларди. Ҳозир давлат томонидан барча зарур шарт-шароит, жумладан, витаминлар билан таъминлаш ҳам яратилмоқда”, дейди Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, Олимпиада кумуш медали совриндори Мунарбек Сейитбек уулу мураббийсиз Парижга боргани учун, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган. 

“Ота-боболаримиз ўз қаҳрамонларига тан олиш белгиси сифатида от совға қилганлар. Ҳозирда автомобилларни совға қилиш одат тусига кирган, бироқ анъана руҳи ўзгармай қолмоқда – бу беқиёс хизматларга ҳурмат ва миннатдорлик ифодасидир”, дея қўшимча қилди президент.

Ўз ўрнида Акмал Хасанов Жапаровга миннатдорлик билдириб, Мунарбек Сейитбек уулу билан йиғинларда кўп марта учрашганини ва ҳеч иккиланмай унинг секунданти бўлишига рози бўлганини айтди.

Шунингдек, у Президент Садир Жапаровни ва бутун қирғиз халқини ғалаба билан табриклаб, қирғизистонлик спортчиларнинг навбатдаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мураббий Акмал Ҳасанов Чингиз Айтматов номидаги халқаро олтин медаль билан тақдирланганди. Мураббийга ушбу мукофотни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров Акмал Хасанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг