Ўзбекистонлик мураббий Қирғизистон томонидан тақдирланди
Спорт
−
22 Август
19489Париж Олимпиадасида қирғизистонлик боксчига секундантлик қилган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов Чингиз Айтматов номидаги халқаро олтин медаль билан тақдирланди. Мураббийга ушбу мукофотни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси топширди.
“Биз мураббийлар ҳамма спортчиларга қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Мунарбекка ҳам ёрдамим текканидан мамнунман. Ҳаммага ташаккур айтаман. Яқинда Мунарбекнинг тўйи бўлиб ўтади. Агар насиб қилса, албатта тўйига бораман”, деган Ҳасанов.
Қирғизистон бокси тарихидаги илк кумуш медаль соҳиби бўлган Мунарбекнинг ўзи ҳам тез орада тўйи бўлишини айтиб ўтди. Олимпиада олдидан Сейитбек ули севган қизига турмуш қуришни таклиф қилган ва мусобақа якунлангач, тўйни ўтказишга ваъда берган. Ижтимоий тармоқларда аллақачон 24 август куни бўлиб ўтадиган тўй маросими анонси бўлган видеолар тарқалган.
Францияда жорий йилнинг 26 июль -11 август кунлари бўлиб ўтган 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда 32 та спорт тури бўйича 329 та медаллар жамланмаси учун курашилди. Ўйинларда 206 та Олимпия терма жамоаларидан 10,5 минг нафар спортчи, шунингдек, нейтрал мақомга эга индивидуал спортчилар иштирок этди.
Ўйинларнинг бокс баҳсларида 4 августга ўтар кечаси қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли америкалик Ҳарвей Жаҳмалга қарши чорак финал жангини ўтказиб, ярим финалга чиқди. Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев аккредитация муаммолари сабаб Парижга бора олмаганди.
Шу сабабли жанг давомида унга Ўзбекистон делегациясидан борган мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилди. Ўзбекистонлик мураббий жангдаги танаффус давомида Мунарбекнинг юзига сув сепиб турган ва унга жанг усуллари ҳақида керакли маслаҳатлар берган.
Ушбу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг илиқ фикрлари билан кутиб олинди.
Акмал Ҳасанов журналистларга берган интервьюсида бу ҳолатни изоҳлаб, Мунарбекнинг ғалабасидан кўзига ёш олганини айтган.
Қирғизистонлик интернет фойдаланувчилари ҳам ўзбек мураббийи бу ҳаракати билан бутун дунёга Марказий Осиё бирдамлигини кўрсатиб қўйганини таъкидлаган.
Маълумот учун, ушбу жангда Мунарбек Сейитбек ўғли ярим финалга чиқди. У кейинги жангини 9 августда болгариялик Ҳавиер Ибанез Диазга қарши ўтказди. Финалда эса ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоков билан тўқнаш келди. Бироқ у Халоковга мағлуб бўлди ва Олимпиада кумуш медали билан тақдирланди.
LiveБарчаси