Миллиардларга тушган медаллар
Спорт
−
14 Август
15994Олимпиада якунланган бўлса ҳам унинг таъсиридаги воқеликлар ҳали анчагача барчанинг диққатини ўзига қаратади.
Ўзбекистон делегацияси Париж Олимпиадасида ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Ўзбек атлетлари Франция ареналарида 19 та спорт туридан қатнашиб, 5 та спорт турида медаллар қўлга киритишни уддалади.
Кутилганидек, Ўзбекистон ҳисобига энг кўп ва сифатли медални бокс терма жамоаси тақдим этди – 5 та олтин медаль. Ундан ташқари, таэквондо, эркин кураш ва дзюдо турларидан вакиллар ҳам Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди.
Умумий ҳисобда 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль ва делегация умумжамоа ҳисобида 13-ўринни қўлга киритди.
Совриндорларнинг кўп бўлиши яхши, лекин ҳар бир медаль соҳиби учун бюджетдан жарағ-жарағ пуллар сарфланишини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.
Олимпиададан аввал Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтган спортчиларни Парижга кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Францияда совриндор бўлган спортчиларга қанча миқдорда пул мукофоти берилишини маълум қилганди.
Унга кўра, Париж-2024 Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳибларига 200 минг, кумуш медаль эгаларига 100 минг, бронза медаль совриндорларига эса 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти, спортчиларнинг мураббийларига эса мос равишда 50, 25, 12,5 минг АҚШ доллари берилиши айтилганди.
Ҳақиқатдан спортчилар Тошкентга қайтиши биланоқ, Миллий Олимпия қўмитаси биносида уларга ваъда қилинган пул мукофотлари тақдим этилди.
Жумладан, 8 та олтин медаль эгасининг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари, Тошкент шаҳридан 2 қаватли коттеж ва Tahoe автомобили, 2-ўрин соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, 2 қаватли коттеж ва BYD Song Plus Champion, бронза медали эгаларига ҳам уй ҳамда BYD, шунингдек, 50 минг АҚШ доллари тақдим этилди.
Шунда 1 нафар олтин медаль эгасига бериладиган мукофотлар суммасини жамлаганимизда Tahoe нархи тахминан 1 миллиард 110 миллион сўм, спортчиларга бериладиган 2 қаватли коттеж нархи аниқ қанча эканлиги номаълум, бироқ Тошкент шаҳрининг қулай локацияларидаги 250-300 м2, 4-5 хонали уйларнинг нархи 1,5-2 миллиард сўмни ташкил этади. Қўшимчасига 1-ўрин эгаларига 200 минг доллар сўмга чаққанимизда 2,5 миллиард сўм пул мукофоти берилди.
Умумий ҳисоблаганда Парижда чемпион бўлган 1 нафар спортчи Ўзбекистонга қайтиб, миллиардерга айланмоқда, яъни 5,5 миллиардлик совғага эга бўлмоқда.
Эътиборлиси, ўзбекистонлик олтин медаль эгалари 8 нафарни ташкил этади. Фақатгина олтин медаль соҳибларига сарфланадиган сумманинг ўзи эса 44 миллиард сўмни ташкил этяпти.
Парижда 2-3 ўринларни қўлга киритган спортчиларга BYD Song Plus Champion машинаси совға қилинди. Бу машинанинг нархи салкам 400 миллион сўм.
Шунда Францияда кумуш медалини делегация ҳисобига қўшиб қўйган спортчи Ўзбекистонга келиб, 400 миллион сўмлик автомобиль, 2 миллиардлик сўмлик коттеж ва 1 миллиард 255 миллион сўм пул мукофоти соҳибига айланяпти. Ана шунда ҳисоб-китобга кўра, Парижда шоҳсупанинг 2-поғонасидан жой олган икки ўзбекистонлик спортчига 3 миллиард 655 миллион сўмдан, жами 7 миллиард 310 миллион сўм сарфланган.
Парижда 3 нафар ўзбекистонлик атлет баҳсларда 3-ўринни қўлга киритди. Ўзбекистонга қайтгач, уларга 627 миллион сўм пул мукофоти, 400 миллион сўмлик BYD автомобили ва 2 миллиард сўмлик коттеж берилди.
Тахминий ҳисобларимизга биноан, 1 нафар бронза медали эгасига жами 3 миллиард 27 миллион бюджет пули сарфланган, 3 миллиард 27 миллион сўмни учга кўпайтирганда эса 9 миллиард 81 миллион сўм келиб чиқади.
Барча ғолиб ва совриндорларга сарфланган умумий сумма эса 60 миллиард 391 миллион сўмни ташкил қилди.
Бу сумма Ўзбекистоннинг қай даражада спортсевар, спортчиларини севар давлат эканлигини кўрсатиб беради.
Олимпиада чемпион ва совриндорлари ҳали ўз вилоят ҳокимларидан ҳам қимматбаҳо совғаларни қабул қилиб олади.
LiveБарчаси