Париж Олимпиадаси медалларининг нархи қанча туради?

Спорт

image

Францияда жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтган 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда 32 та спорт тури бўйича 329 та медаллар жамланмаси учун курашилди. Ўйинларда 206 та Олимпия терма жамоаларидан 10,5 минг нафар спортчи, шунингдек, нейтрал мақомга эга индивидуал спортчилар иштирок этди.

Медаллар ҳисобидаги биринчи ўрин Олимпиаданинг сўнгги кунида аёллар баскетбол турнирида олтин медални қўлга киритган АҚШга тегишли.

АҚШ спортчилари 40 та олтин, 44 та кумуш ва 42 та бронза (жами 126 та соврин)ни қўлга киритди. Хитой терма жамоаси 40 олтин, 27 кумуш ва 24 бронза (жами 91) медални қўлга киритиб, 2-ўринни эгаллади.

Япония терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади (20+12+13=45). Медаллар рейтингида кучли бешликка Австралия (18-19-16) ва Франция (16-26-22) ҳам кирган.

Ўзбекистон эса Олимпиадада 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза билан жами 13 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Бу Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги энг яхши натижасидир.

2024 йилги Олимпиаданинг ёпилиш маросими “Stad de Frans” стадионида бўлиб ўтди. Кейинги ёзги Олимпия ўйинлари 2028 йилда Лос-Анжелесда (АҚШ) бўлиб ўтади.

Ўзбекистон спортчилари бокс бўйича энг юқори даражадаги бешта медални қўлга киритди. Бу билан бокс пешқадамлигини ҳам Ўзбекистон эгаллади. Дзюдо, эркин кураш ва таэквондо мусобақаларида яна биттадан олтин.

Қўшни Қозоғистон 43-ўринни эгаллади, жамоа ҳисобида еттита медаль бор: битта олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза. Қирғизистон учун Париждаги ўйинлар 6 та медаль билан якунланди (0-2-4). Туркманистон терма жамоаси эса совринсиз қолди.

Медаллар нархи қанча?

2024 йилги барча Олимпия медалларининг диаметри 85 мм ва қалинлиги 9,2 мм. 5084 та медалнинг ҳар бирининг марказида махсус рамкага ўралган Эйфель минорасининг олти бурчакли темир парчаси жойлашган. Олимпиада олтин медалининг оғирлиги 529 грамм бўлиб, массасининг 95,4 фоиздан ортиғи (505 гр) кумушдир. Медаль 6 грамм соф олтин билан қопланган, 18 грамми эса темирдан иборат.

2024 йилги Олимпиада олтин медалининг нархи тахминан 950 долларга баҳоланмоқда ва бу ўйинлар тарихидаги энг қиммат медаль ҳисобланади. Бунинг асосий сабаби олтин нархининг рекорд даражада юқорилигидир. Бунгача энг қиммат медаль Лондон-2012 Олимпиадаси медали бўлиб, унинг қиймати 708 долларни ташкил қилган. Агар медаль соф олтиндан қилинган бўлса, унинг қиймати тахминан 41,16 минг долларга тенг бўлар эди. Охирги марта соф олтиндан медаллар 1912 йилда Швеция мезбонлик қилган Стокгольм ёзги Олимпиада ўйинларида топширилган.

Кумуш медалининг вазни 525 гр, шундан 507 гр кумуш ва 18 гр темирдир. Унинг нархи кумуш ва темирнинг ҳозирги нархида тахминан 486 долларни ташкил қилади.

Бронза медалининг оғирлиги 455 грамм бўлиб, 415,15 грамм мис, 21,85 грамм рух ва 18 грамм темирдан иборат. Унинг подиум қиймати тахминан 13 долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон спортчилари жамғарган медаллар нархи эса қуйидагича: 8 та олтин 7600 доллар, 2 та кумуш медаль 972 доллар, 3 та бронза 39 долларга тенг.

Медаллар таркибидаги темир ҳам оддий темир эмас. Металл, хусусан, ХХ асрда лифтни модернизация қилиш учун олиб ташланган ёдгорлик қисмларидан ясалган. Металл Франциянинг шарқий қисмида жойлашган Помпей шаҳридаги темирчилик устахоналарида тозаланган. Расмий Олимпия веб-сайтига кўра, қуйма темирдан ортиқча углерод олиб ташлангандан сўнг, қолган темир деярли тоза ва жуда мустаҳкам бўлади. Олимпия медалининг ички қийматини аниқлашда дизайн одатда нархга киритилмайди. Бироқ, медаллар учун бу ўзгариши мумкин, чунки улар тарихий француз юқори заргарлик уйи – Chaumet томонидан ишлаб чиқилган.

Олимпия медалларидаги французча рамз

Эйфель минорасининг жигарранг бўёқдан тозаланган темир олти бурчакли шакли барча медаллар марказига киритилган бўлиб, у мамлакатнинг умумий рамзи бўлиб хизмат қилади. Унда 2024 йилги Париж ўйинлари эмблемаси ўйиб ёзилган бўлиб, у олтин медаль, Олимпия алангаси ва Марианнанинг юзини бирлаштириб туради – бу инқилоб ва Франция халқининг қадрли рамзидир. Герб остида “Париж Олимпиадаси” сўзлари ва бешта ҳалқадан иборат Олимпиада логотипи кўрсатилган.

Медаллар учун ленталарда ҳам катта рамзийлик акс этган. Барча медаль ленталари Эйфель минораси панжараси билан безатилган. Олимпия медаллари ленталари қуюқ кўк рангда, Паралимпия медаллари учун эса тўқ қизил рангда – Эйфель минорасида ишлатиладиган дастлабки икки бўёқ (“Венеция қизил” ва “қизил-жигарранг”) аралашмасидир.


Мақола муаллифи

Теглар

олтин Париж Олимпиадаси медаллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made