Эркаклиги тахмин қилинган иккинчи аёл боксчи ҳам Олимпиада чемпионига айланди
Спорт
−
11 Август
33645Париж Олимпиадасидаги иштироки жинси бўйича баҳсларга сабаб бўлган Хитой Тайпейи (Тайвань) боксчиси Лин Юй-Тин ҳам олтин медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасидаги 57 кг вазн тоифасидаги финалда Лин Юй-Тин Польша вакили Юлия Шеремета устидан ғалаба қозонди ва Олимпиада чемпиони бўлди.
“Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Мени қўллаб-қувватлаган барчага – жамоам ва Тайвань аҳолисига раҳмат айтмоқчиман. Улар менга куч берди. Ҳеч бир жанг осон кечмайди. 5:0 ҳисобида ғалаба қозониш осон туюлиши мумкин, аммо бунинг ортида жуда кўп машаққатли меҳнат бор”, деган Лин Юй-Тин.
Бокс бўйича аёллар ўртасидаги ушбу баҳсларда ўзбекистонлик Ситора Турдибекова Хитой Тайпейи (Тайвань) вакили Лин Юй-Тинга қарши рингга кўтарилиб, якунда мағлубиятга учраганди. Лин Юй-Тин 2023 йилги аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмаган, аниқроғи боксчига мундиалда қатнашишга рухсат берилмаган, бироқ Лин Юй-Тинга Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпиада баҳсларида қатнашишга рухсат берди.
Шунингдек, Олимпиада олтин медалига сазовор бўлган жазоирлик боксчи Иман Хелиф 66 кг вазн тоифасидаги бокс турнирининг финал баҳсида хитойлик Янг Люни бир овоздан очколар бўйича мағлуб этганди. Бу билан Хелиф Африка давлатларидан чиққан бокс бўйича биринчи Олимпия чемпионига айланди.
Хелиф ҳам 2023 йилда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медаль учун курашдан бир неча соат олдин Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) мувофиқлик мезонларини бажара олмагани учун дисквалификация қилинган эди. Жазоир Олимпия қўмитаси эса аввалроқ Хелифга қилинган ҳужумларни қоралаганди.
LiveБарчаси