Намойишлар авжида. Сооронбай Жээнбеков қаерда?

Олам

image

Хабарингиз бор, Қирғизистон навбатдаги парламент сайловларидан кейин тартибсизликлар авж олди ва ҳамон давом этяпти. Аммо мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков вазият юзасидан бугун, 6 октябрь кун бошида берган баёнотидан сўнг кўриниш бермади. Ҳўш, Президент қаерда?

Мамлакатда намойишлар давом этаётган бир вақтда давлат раҳбарининг йўқолиб қолиши “Жээнбеков Қирғизистонни тарк этди”, деган гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатда Бош вазир, парламент спикери истеъфо бериб, уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланса, қамоқхонадаги сиёсий маҳбуслар озод қилинса-ю Президент кўринмаса, ҳар ким ҳам юқоридагидек фикрга бориши турган гап.

ОАВда тарқалган сўнгги маълумотларга кўра, Жээнбеков мамлакатни тарк этмаган. У пойтахт Бишкекда, деб хабар бермоқда “Интерфакс” давлат раҳбарига яқин манбага таяниб.

“Президент юз бераётган воқеаларни кузатиб боряпти. У кириш ёпилиб қолган давлат раҳбари офисида эмас. У Бишкек жанубидаги резиденциясида. Жээнбеков мамлакат ҳудудини тарк этмаган”, деган манба.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

1069

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг