Италияда туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада пасайди
Олам
−
07 Апрель 2023
10769Италияда 2022 йилда туғилиш кўрсаткичи мамлакат бирлаштирилган 1861 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилда Италияда аҳоли сонининг қисқариши давом этиб, туғилишлар миқдори 400 мингдан камайган ҳолда тарихий минимумга тушиб қолган.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, мамлакатда туғилиш даражасининг пастлиги миллий фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Бош вазир Жоржа Мелони ўтган йилги сайлов кампаниясида айнан шу муаммони ҳал қилишга ваъда берган эди.
Статистикага кўра, 2022 йил Италияда ҳар 7 та туғилган 12 та ўлим ҳолати тўғри келган ва доимий аҳоли сони 179 мингга камайиб, 58,85 миллионга етган. Аҳоли камайиши COVID-19 пандемияси сабаб 2020 ва 2021 йиларга нисбатан секинлашган.
Мамлакатда ўтган йили 392 600 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу Италия бирлаштирилган 1861 йилдан бери энг паст кўрсаткич экани айтилмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида 15-49 ёш гуруҳидаги аёллар сонининг қисқариши ва қариши кўрсатилмоқда. Агар Италияда 2021 йилда ҳар бир аёлга 1,25 тадан фарзанд тўғри келган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1,24 тага тушиб қолган.
Бу тенденция қисман иммигрантлар ҳисобига қопланган. 2022 йилда мамлакатга 229 минг киши кўчиб келган. Бундай тоифадагилар умумий аҳолининг 8,6 фоизи ёки 5,05 миллионни ташкил этмоқда.
Маълумот учун, Италия аҳолиси 2014 йилдан буён мунтазам равишда пасайиб келмоқда. Ўша вақтдан бери жами йўқотиш 1,36 миллиондан ортиқ кишини ташкил этди. Бу Италиянинг иккинчи энг йирик шаҳри Милан аҳолиси сони билан тенг демакдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни қувиб ўтганди. Шунингдек, Хитойнинг Сичуан провинциясида аҳоли сонини кўпайтириш учун аввал белгиланган тартиб юмшатилганди. Унга кўра, фуқаролар қонуний никоҳдан ўтмай туриб ҳам фарзанд кўриш ҳуқуқига эга бўлишганди.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси