Исроил тўхтамаса, АҚШга ёмон бўлади - Эрон
Олам
−
06 Ноябрь 2023
16027Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Ғазо секторига ҳужумлар давом этса, АҚШ учун оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
“Агар Ғазо секторида зудлик билан уруш тўхтатилмаса ҳамда АҚШ ва сионистик режимнинг тезкор ҳужумлари давом этса, оқибатлари оғир бўлади”, деди вазир.
Шунингдек, маҳаллий нашрга кўра, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананий ҳам Американинг Ғазодаги фаластинликларни қирғин қилишда Исроилни қўллаётганини танқид қилди.
Кананий Қўшма Шататларнинг ушбу ҳаракатини такаббурлик, деб атади ва Х тармоғида Эрон ойининг 13-куни “Глобал такаббурликка қарши миллий кун” сифатида қайд этилгани ҳақида пост қолдирди.
“Исроил қамалдаги ҳудудни сўнгги 29 кун давомида ҳаводан, ердан ва денгиздан бомбардимон қилганини ҳисобга олсак, бу кунни “халқаро ва глобал” воқеага айлантириш зарур”, деди у.
Кананийнинг сўзларига кўра, АҚШ маъмуриятининг қўллаб-қувватлаши билан Ғазода мазлум Фаластин халқига қарши уруш жиноятлари ва геноцидлар содир этилмоқда.
Шунингдек, у Исроил БМТ Бош Ассамблеясидаги 120 давлатнинг овозини ва дунёнинг Ғазодаги ҳимоясиз аҳолига қарши шафқатсиз ҳужумларга чек қўйиш талабини ҳам менсимаётганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 9 минг 488 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Эрон Ташқи ишлар вазирлари Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш учун хавфсизликка кафиллик ғоясини қўллаб-қувватлашга келишиб олинганди.
LiveБарчаси