Исроил террорчилик билан шуғулланмоқда – Эрдўған

Олам

image

Исроил террорчи ташкилот сифатида ҳаракат қиляпти ва унинг нишони нафақат Ғазо сектори, балки бутун минтақадир. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этадиган АҚШга учишдан олдин журналистлар билан суҳбатда сўз очди.

"Мен биринчи кунданоқ Исроилнинг нишони фақат Ғазо сектори эмаслигини айтдим. Ливанга охирги ҳужумлар Исроил раҳбарияти урушни бутун минтақага ёйишни режалаштираётганидан хавотиримизни оқлади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг тўдаси ўзларининг радикал сионистик мафкурасини амалга ошириш учун ҳар хил провокацияларни амалга оширмоқда. Минтақанинг янада катта фалокатга тортилишининг олдини олиш учун Исроилга нисбатан босимни янада кучайтириш керак", дейди Эрдўған.

У биринчи куни БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлашини ва иштирокчиларга “Ғазо секторидаги геноцид ва Исроилнинг агрессив сиёсатига қарши чора кўриш зарурлигини” эслатишини айтди.

"Яна бир бор, афсуски, Исроил давлат сифатида эмас, террор ташкилоти сифатида ҳужумлар уюштираётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу давлат терроризмидир. Ливандаги охирги рақамли ҳужумлар ва алоқа воситалари портлашлари бунинг яққол далилидир. Бу ҳужум билан Исроил тинч аҳолига қайғурмаслигини ва ҳар қандай йўл билан жирканч мақсадларига эришишга ҳаракат қилишини яққол намойиш этди", дейди Эрдўған.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашувлар дастурига келсак, Туркия Президенти ҳозирда АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашув бўлиб ўтиши аниқ эмаслиги, бироқ улар биргаликда қатнашадиган Бош Ассамблея доирасидаги тадбирлар ҳам борлигини айтди. 

Маълумот учун, 17 сентябрь куни Ливаннинг турли ҳудудларида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг пейжерлари портлаган эди. Ҳодиса оқибатида 2,8 мингга яқин одам жароҳат олган, 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида 10 ёшли қиз ҳам бор. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар берди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерларнинг оммавий портлашига алоқадорлигини рад этди.

18 сентябрь куни эса Ливан шарқидаги Бекаа ҳудудида алоқа воситалари оммавий тарзда портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. 

“Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ кеча, 19 сентябрь куни Исроилнинг сўнгги ҳужумлари Ливандаги қаршилик тарихига жиддий зарба бўлганини айтди ва Исроилнинг ушбу ҳужумларига жавоб чоралари ҳақида гапирар экан, содир бўлган воқеаларга жавоб адолатли қасос бўлишига, унинг вақтини, жойини ва табиатини “Ҳизбуллоҳ” белгилашига ваъда берди.

19-20 сентябрь кунлари Исроил авиацияси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг