Исроил Ливанга яна зарба берди (видео)
Олам
−
20 Сентябрь
4723Исроил ҳарбийлари бугун, 20 сентябрь тушдан кейин Байрутнинг жанубий чеккасига зарба берди. Бу ҳақда Ливандаги икки хавфсизлик манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Исроил ҳарбийлари Байрутга “мақсадли зарба” берганини маълум қилди. Ливандаги хавфсизлик манбаларига кўра, ҳужум “Ҳизбуллоҳ”нинг муҳим объектлари яқинида содир этилган. Манбаларга кўра, уларнинг нишони “Ҳизбуллоҳ” операцияларига бошчилик қилувчи қўмондон Иброҳим Оқил бўлган. Аммо айни пайтда унинг тақдири номаълум.
“Reuters” гувоҳлари ҳужум пайтида шаҳар узра реактив шовқинини эшитган ва ҳудуддан тутун булути кўтарилаётганини кўрган. Ливаннинг “Al-Jadeed” телеканали нишонга олинган ҳудуддан олинган суратларни эълон қилди. Уларда ёниб кетган машиналар ва вайроналарга тўлиб-тошган кўчани кўриш мумкин.
“Ҳизбуллоҳ”нинг “Al-Manar” телеканали Даҳие деб номланувчи жанубий чекка ҳудудлар босқинга учраганини маълум қилди ва бир нафар инсон ҳалок бўлгани ҳамда 14 киши яралангани ҳақида хабар берди. Бироқ бу дастлабки маълумотлар экани айтилмоқда.
Маълумот учун, 17 сентябрь куни Ливаннинг турли ҳудудларида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг пейжерлари портлаган эди. Ҳодиса оқибатида 2,8 мингга яқин одам жароҳат олган, 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида 10 ёшли қиз ҳам бор. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар берди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерларнинг оммавий портлашига алоқадорлигини рад этди.
18 сентябрь куни эса Ливан шарқидаги Бекаа ҳудудида алоқа воситалари оммавий тарзда портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган.
“Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ кеча, 19 сентябрь куни Исроилнинг сўнгги ҳужумлари Ливандаги қаршилик тарихига жиддий зарба бўлганини айтди ва Исроилнинг ушбу ҳужумларига жавоб чоралари ҳақида гапирар экан, содир бўлган воқеаларга жавоб адолатли қасос бўлишига, унинг вақтини, жойини ва табиатини “Ҳизбуллоҳ” белгилашига ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 сентябрь куни Исроил авиацияси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширганди.