“Ҳизбуллоҳ”нинг портлаган пейжерлари Европада ишлаб чиқарилган
Олам
−
18 Сентябрь
5299Аввалроқ, Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати кеча, 17 сентябрь куни пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан Тайваннинг Gold Apollo компаниясидан буюртма қилинган 5000 пейжерга оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатгани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда Gold Apollo компанияси “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди.
Тайбэйда бунга ойдинлик киритилишича, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган. Унга кўра, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради.
“AR-924 пейжер модели BAC томонидан ишлаб чиқарилади ва сотилади. Биз фақат брендимиз учун товар белгисига рухсат берамиз ва ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришда иштирок этмаймиз”, дейилади Gold Apollon баёнотида.
Маълумот учун, 17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” буюртма қилган пейжерлар оммавий равишда портлаганди. “Reuters” хабарига кўра, беш мингга яқин қурилма портловчи моддалар билан тўлдирилган.
Яқин Шарқ матбуотига кўра, портлашлар оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган, яна уч мингга яқин киши жароҳатланган, 200 нафар яраланганларнинг аҳволи оғир.
Айрим матбуот хабарларига кўра, портлашлар ортида Исроил ҳарбийлари ва разведкаси турибди.
“Reuters” манбасининг таъкидлашича, пейжерлар Исроил разведка хизмати “Моссад” томонидан "ишлаб чиқариш босқичида" ўзгартирилган.
“Sky News Arabia” манбаларига кўра, қурилмаларда детонатор қопқоқларини жиҳозлаш учун ишлатиладиган нитрат кислота эфирини ўз ичига олган портловчи модда – пентаеритритол тетранитрат бўлган. Тахминларга кўра, портлашлар “Моссад” батареялар ҳароратини масофадан оширганда содир бўлган.
LiveБарчаси