Исроил июлнинг иккинчи ярмида Ливан жанубида операция бошлаши мумкин – “Bild”
Олам
−
01 Июль
3524Исроил июль ойининг иккинчи ярмида Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни бошлаши мумкин. Бу ҳақда дипломатик доиралардаги манбаларига таяниб, “Bild” газетаси хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, Исроил июль ойининг учинчи ёки тўртинчи ҳафтасида қуруқликдаги операцияларни бошлайди. Нашрнинг эслатишича, аввалроқ бир неча давлат ўз фуқароларини Ливанни зудлик билан тарк этишга чақирган. Хусусан, Германия ташқи ишлар вазирлиги вазиятнинг янада кескинлашиши ва можаронинг кенгайишини истисно этиб бўлмаслигини маълум қилди.
Июнь ойи ўрталарида Исроил армияси Ливанга ҳужум қилиш учун оператив режани тасдиқлади. Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатига қарши операциядан сўнг расмийлар бир вақтнинг ўзида ҲАМАС сингари Исроилга қарши ҳаракат қиладиган, яҳудий давлати ҳудудини шимолдан ўққа тутадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига ҳам зарба беришни кутмоқда.
Маълумот учун, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил армияси ўртасидаги сўнгги можаро 2006 йилнинг ёзида Ливан жанубида содир бўлган эди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-сонли резолюцияси чегарада ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатди, уни 36 давлатдан 12 минг тинчликпарвар кучлари кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон ва Иордания фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирганди. АҚШ Қуролли кучлари ўз фуқароларини эвакуация қилиш мақсадида Ливан чегараларига яқин келаётгани айтилди. Араб давлатлари лигаси эса “Ҳизбуллоҳ”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди.