Иордания фуқароларини зудлик билан Ливанни тарк этишга чақирди
Олам
−
29 Июнь
5382Иордания минтақавий таранглик шароитида фуқароларини зудлик билан Ливанни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 28 июнь куни Иордания Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “L’orient Today” нашри хабар берди.
“Минтақада вазият яхши эмас, уруш авж олиши мумкин. Ливанда қолган барча Иордания фуқароларидан менга шахсан хабар беришларини ва Ливанни имкон қадар тезроқ тарк этишларини илтимос қиламан”, дейди Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Ҳусайн ал-Сафадий.
Шунингдек, Иордания ҳозирда Ливанда истиқомат қилаётган ёки саёҳат қилган фуқароларни Байрутдаги элчихонаси веб-сайтидан дарҳол рўйхатдан ўтишга ундади.
Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда Исроил армияси ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида кескинлик кучайиб, Тель-Авив яқинда Ливанга кенг миқёсли ҳужум операцияси режаларини маъқуллади. Шундан сўнг потенциал тўлиқ миқёсли уруш минтақадаги хавотирларни кучайтирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги қаршилик кучайиб бораётгани туфайли Пентагон АҚШ ҳарбий кучларини Исроил ва Ливанга яқинроқ кўчириб, ўз фуқароларини эвакуация қилишга тайёрлаётгани ҳақида хабар берилганди. Қирғизистон ҳукумати ҳам республика фуқароларига Ливан ва Исроилга бормасликни тавсия қилганди.