Олий даражадаги Ўзбекистон-Покистон музокаралари бўлиб ўтди
Жамият
−
05 Февраль 1454 3 дақиқа
Бугун, 5 февраль куни Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон раҳбари учрашув аввалида Бош вазирни яқинлашиб келаётган муқаддас Рамазон ойи ва Покистон куни байрами билан табриклаган.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинган.
Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар фаол тус олгани мамнуният билан қайд этилган. Сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар жадал ривожланмоқда.

Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми салкам 500 миллион долларга етган. Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар кўпайди. Банклараро корреспондентлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда.
Тўқимачилик, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Томонлар ушбу ташриф арафасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг натижаларини олқишлаган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг кўргазмаси ўтказилмоқда.
Икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг биринчи йиғилишини яқин кунларда Тошкентда ўтказиш зарурлиги таъкидланган.
Ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон – Покистон Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган.

Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Амалдаги Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар турини, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномалари рўйхатини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаол фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Ташрифга тайёргарлик доирасида қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.
.jpg)
Транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.
Икки мамлакат ҳудудларининг ўзаро алоқалари иқтисодий ҳамкорлик ривожининг асосий драйверларидан бири сифатида белгиланган.
Ўзбекистон – Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этишга келишилиб, унинг биринчи учрашувини шу йил Хоразм вилоятида ўтказиш таклифи билдирилган.
Зиёрат туризми соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари алоҳида муҳокама қилинган. Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва Ўзбекистон киноси кунларини ўтказишга келишиб олинган.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Бобурийлар меросини тарғиб қилиш учун Лаҳорда қўшма маданият марказини ташкил этишни таклиф қилган.
Музокаралар давомида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилиб, кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга қатъий интилиш билдирилган.
Якунда Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шарифни жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Покистонда “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказгани ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дорни қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Live
Барчаси