Инсоният ўзига қабр қазимоқда – Гутерриш
Олам
−
02 Ноябрь 2021
6703Сўнгги олти йил Ерда рекорд даражадаги энг иссиқ йиллар бўлди ва ҳатто иссиқхона газларига қарши курашиш бўйича барча ваъдаларни бажариш ҳам келгуси ўн йилликларда сайёра ҳароратини яна 2 даражадан кўпроқ ошишига олиб келади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26-конференциясида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Париж келишувларидан кейинги ўтган олти йилда ҳаво ҳарорати рекорд даражада юқори бўлди. Бизнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигимиз инсониятни тубсизликка итармоқда. Икки танлов орасида турипмиз ёки уларни биз тўхтатамиз ёки улар бизни. Биз ўзимизни ўзимиз углерод билан ўлдиряпмиз. Ерни қазишни, ёқишни тўхтатиш керак. Бу билан дунё ўзига қабр қазияпти”, дейди Гутерриш.
Бош котибнинг таъкидлашича, Ер бизнинг кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда океан тубидан то тоғ чўққиларигача.
“Денгиз сатҳи 30 йил олдингига қараганда икки баробар тез кўтарилмоқда. Океанлар суви ҳар қачонгидан ҳам иссиқ ва тез исишда давом этмоқда. Амазон ўрмонининг бир қисми “ютганидан” кўра, кўпроқ иссиқхона газларини чиқармоқда”, дейди БМТ бош котиби.
Мамлакатларнинг иссиқхона газлари чиқиндиларига қарши курашга қўшган ҳиссаси ҳақидаги сўнгги ҳисоботларига кўра, дунёда ҳаво ҳароратнинг Целсий бўйича 2,7 даражагача кўтарилиши мумкин. Дунё иқлим фалокати томон кетмоқда.
Маълумот учун, 31 октябрдан 12 ноябргача Глазго шаҳрида Буюк Британия томонидан Италия билан ҳамкорликда ташкил этилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (CОП26) иштирокчиларининг 26-конференцияси бўлиб ўтади. Унда 200 га яқин давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Анжуманда иссиқхона чиқиндиларини камайтириш ва углерод нейтраллигига эришиш масалаларига бағишланган қатор ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. Жаҳон етакчилари иштирокидаги саммитнинг асосий дастури 1-2 ноябрь кунларига мўлжалланган.
Аввалроқ, Антониу Гутерриш Римда ўтказилган G20 саммити унинг умидларини оқламаганини маълум қилганди.